Шикоят тасдиғини топмади

14.06.2021 12:06:27

Ижтимоий тармоқларда  “Шифокорларга ажратилган маблағни ўмарганларни кечириш мумкинми?” сарлавҳаси остида хабар тарқалиб кенг жамоатчиликнинг муҳокамаларига сабаб бўлган эди.

Ушбу хабарда, Сурхондарё вилояти Термиз тумани тиббиёт бирлашмасининг бир гуруҳ шифокорлари Ўзбекистон Республикаси Президентига йўллаган мурожаати келтирилиб, мазкур мурожаатда 2020 йил карантин вақтида  Термиз тумани бўйича 100 дан зиёд шифокор, ҳамширалар ва фаррошларнинг имзоси қалбакилаштирилиб, давлат томонидан ажратилган қўшимча рағбат пули ўзлаштирилганлиги, пешона тери билан топилган пулларни ундириб беришларини сўраб мурожаат қилишган эди. Юқоридагиларга асосан ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Термиз туман Кенгаши депутатлари ва фаоллари ушбу муаммони жойига чиқиб ўрганишди.

Ўрганишларга асосан, мазкур ҳолат юзасидан туман Прокуратураси томонидан вилоят Давлат молиявий назорати бошқармасининг буйруғига асосан Термиз туман тиббиёт бирлашмасида ўтказилган тафтиш ҳужжатлари юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилганлиги, текширув натижасига кўра бирон бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги маълум бўлди.

Ўрганишларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2020 йил 24 сентябрдаги 583-сонли “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тадбирларига ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан коронавирус  инфекциясига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган туман тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари ва бошқа ходимлари 6 фоизлик кунлик қўшимча тўлов ва ҳар ойлик рағбатлантириш тўловларини ўтган 2020 йилнинг 1 октябригача тўлиқ олганлиги маълум бўлди.

Шундай бўлса-да, айтиш жоизки,, Республикамизда карантин талаблари жорий этилгандан бери  республика ва маҳаллий бюджетлардан молиялаштириладиган ҳар қандай харажат устувор равишда пандемияга қарши кураш тадбирларига қаратилди. Чунки, бундан муҳим харажатлар бўлиши мумкин эмас эди.

Мазкур йўналишда пандемиянинг салбий оқибатларини жиловлаш ва ҳар бир мутасаддининг масъулиятини оширилиши, фидокорлик кўрсатаётган тиббиёт ходимларини рағбатлантириш ишлари олиб борилди. Зеро, касаллик ўчоғида ўз жонини гаровга тикиб ҳар бир касални ўлим ёқасидан олиб чиқаётган шифокорларимизни  ҳар қанча тақдирлаб, миннатдорчилик билдирсак-да камлик қилади. Шубҳасиз, ҳозирги даврда тиббиёт ходимлари юртимизнинг оғир кунида суянчиқ бўлаётган инсонлардир. Айнан уларнинг саъй-ҳаракатлари билан қанчадан-қанча беморлар яқинларининг бағрига қайтмоқда. Осонгина юқадиган бу дарддан фориғ бўлиш қанчалар мушкул эканини ҳам халқимиз астойдил англамоқда. Шундай экан, оқ халатли халоскорларга қанча таъзим қилсак, ташаккурлар айтсак шунча оз.

 

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+