Ширин шаҳрининг аччиқ муаммолари

10.03.2021 16:03:40

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сирдарё вилояти Ширин шаҳар Кенгаши томонидан ўтказилган «Муаммо билан юзма-юз» лойиҳаси давомида қатор масалалар ўз ечимини кутаётганлиги маълум бўлди.

Масалан, партиянинг шаҳар Кенгаши раиси Ойзода Эгамбердиева “Мирзо Улуғбек” маҳалласига ташриф буюрганида кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли вакилларидан болалар майдончасининг аҳволини яхшилаш борасида мурожаат тушди. Яъни, маҳалланинг 2-3-5 уйларида истиқомат қилувчи фуқаролар мазкур кўп қаватли уйларнинг болалар майдончалари таъмирталаб аҳволда эканлиги маълум қилинди. Демак ушбу майдончаларда ўйнаш маҳалла болалари учун ноқулайлик туғдирмоқда. Айниқса, кунлар исиши билан маҳалла аҳолиси фарзандларининг ўйнаши учун майдончага зурурат сезади. Шу сабабли партиянинг шаҳар Кенгаши раиси ва депутат   Ойзода Эгамбердиева зудлик билан ушбу муаммога ечим топишни олдига мақсад қилди ва «Бунёдкор» уй-жой  ширкати раиси Анора Шариповага депутатлик сўровини юборди.

«Мойчечак» кўчасининг таъмирталаб йўли

Бу ҳақда партиянинг Сайхунобод туман Кенгаши томонидан ўтказилган «Муаммо билан юзма-юз» лойиҳаси давомида аҳоли маълум қилди. Яъни туманнинг «Калпе» маҳалласидаги «Мойчечак» кўчасидаги икки юз метр масофадаги йўл таъмирталаб аҳволда эканлиги аниқланди.  Ёзда чанг, қишда лой бўладиган мазкур кўчага ҳеч бўлмаганида шағал тўкилса муаммога ечим топилган бўлар эди, дея билдирилган фикрлар асосида партия депутатлик гуруҳи томонидан туман ободонлаштириш бошқармасига депутатлик сўрови юбориладиган бўлди.

«Кўкалдош»нинг эскирган бетон ариғи

Оқолтин туманида ўтказилган «Муаммо билан юзма-юз» лойиҳаси сабаб «Тошкент» маҳалласи аҳолиси 1965 йилда қурилган бетон ариқ ҳозирда бутунлай яроқсиз аҳволга келиб қолганини таъкидлади.  Ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар ўтказилганида ҳақиқатдан ҳам маҳалланинг «Кўкалдош» кўчасида жойлашган узунлиги 400 метрдан ортиқ бўлган бетон ариқ тушиб ёрилиб кетгани сабабли аҳоли хонадонлари ва томорқаларига оқар сув етиб бормаётганлиги натижасида баҳор-ёзги экин ишлари тўхтаб қолаётганлиги аниқ бўлди. Шу сабабли халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан ободонлаштириш бошқармасига депутатлик сўрови юборилди.

Ховосободликларнинг ҳавас қилиб бўлмас муаммолари

Ховос туманининг «Ҳовособод» маҳалласи мезбонлиқ қилган навбатдаги «Муаммо билан юзма-юз» лойиҳаси мобайнида ечимини кутаётган қатор масалалар аҳоли томонидан ўртага ташланди. Яъни, маҳалланинг  «Новгузар» ва «Ҳоватоғ» кўчаларида Зомин туманидан келаётган ичимлик суви тармоғи тортилган бўлсада аҳолига ичимлик суви етиб келмаганлиги афсус билан тилга олинди. Шунингдек «Новгузар» кўчасига газ тармоғи тортилмаганлиги ҳам аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Шу сабабли халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Ғойибназар Райимназаров томонидан «Сирдарё сув таъминоти» МЧЖ ва туман газ таъминоти бўлимига депутатлик сўрови юборилди.

Муаммо билан юзлашган депутат

дархол аҳолининг мурожаатига ечим топишга эришди. Яъни халқ депутатлари Гулистон туман Кенгаши депутати Рустам Элтоев «Муаммо билан юзма-юз» лойиҳаси доирасида Алишер Навоий маҳалласига ташриф буюрганида аҳоли томонидан ҳудуддаги қабристон атрофидаги зовурни тозалатиш зурарлиги мурожаат сифатида йўлланди. Шу куннинг ўзидаёқ депутат ташаббуси билан ҳашар ўтказилиб, тегишли ташкилотлар ёрдами билан ушбу зовурни тозалаш ишлари бошлаб юборилди.

Муҳуми муаммо билан юзма-юз келган партия фаоллари ва депутатлар аҳолининг мурожаатларига ўз вақтида жавоб беришида бўлди. Чунки бундай вазиятда энг тўғри иш масалага тезкорлик билан ечим топишдир.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

 Кенгаши матбуот котиби         

   

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+