Шофирконнинг “Адолатли қайнона”си аниқланди

29.06.2021 18:06:57

Ўзбекистон “Адолат” СДП Шофиркон туман Кенгаши, “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш” туман бўлими ва “Нуронийлар” жамғармаси билан ҳамкорликда “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг туман босқичи  ташкил этилди. Унда партия туман Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти мудири К.Бобомуродов, туман ҳокими маслаҳатчиси Ш.Облоқулова, Республика маънавият ва маърифат маркази  туман бўлими раҳбари Д.Ғаффорова маҳаллалардаги хотин-қизлар,  фаоллар ҳамда партиядошлар иштирок этишди.

Ушбу кўрик-танловни ўтказишдан мақсад ижтимоий адолат принципларига таянган ҳолда оила ва жамият, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштириш, оилавий тарбияда адолат ҳамда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлаш экан, туман босқичида иштирок этган қайноналар 3 та шарт, яъни “Ўзини ва оиласини таништириш”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Оила кодекси”дан, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолиятидан хабардорлиги” бўйича ўзаро беллашишди.

Иштирок этган 7 нафар қайноналаримиз ҳар бир шартда ўз зукколикларини, доноликларини намойиш этишди.  

Танлов натижаларига кўра, учинчи ўрин “Гулистон” МФЙ  мутахассиси Саодат Юсуповага, иккинчи ўрин “Пашмон” МФЙ мутахассиси Гулнора Шириновага, биринчи ўрин эса “Доригар” МФЙ қайноналар Кенгаши раиси Вилоят Шариповаларга насиб этди.   

Ҳайъат аъзолари адолат мезонига таянган ҳолда барча иштирокчиларни баҳолашди.

Ўзининг ташаббускорлиги, сиёсий саводхонлиги, зийраклилиги, ҳар бир шартни бажаришда доим илдамлилиги билан алоҳида эътиборга эга бўлган қайноналар ўзларининг ибрат мактаблари билан барча иштирокчиларга намуна бўла олишди.  

Кўрик-танлов қатнашувчиларига партия туман Кенгашининг диплом ва ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари берилди. Тадбир куй-қўшиқларга бой бўлди.

 

Зулфия АШУРОВА,

Ҳалқ депутатлари Шофиркон туман  Кенгаши  депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+