Шонли тарихимизнинг ўчмас хотиралари

25.11.2022 12:11:00

Большевиклар партияси бош бўлган совет ҳокимияти Туркистон мустақиллиги учун курашган ватанпарвар кучлар ҳаракатини даф этишга муваффақ бўлгач, эндиликда бу ҳудудда узоққа мўлжалланган ўз маккорона режаларини амалга оширишга киришди. Маълумки,Ўрта Осиё ҳудудида қадим-қадимдан тили, дини, тарихи, маданияти, анъаналари бир-бирига жуда яқин ва муштарак қардош ва қондош халқлар яшаб келганлар. Бу ерда истиқомат қилган ўзбеклар, туркманлар, тожиклар, қозоқлар, қирғизлар, қорақалпоқларнинг хўжалик ҳаёти, турмуш тарзи, удумлари ҳам ўхшаш бўлиб, шу муқаддас она заминни ўзларининг асл Ватанлари деб билганлар.

Бироқ, афсуслар бўлсинки, пихини ёрган Совет ҳокимияти арбоблари тарихан бир ягона ҳудудда яшаб келган биродар халқларни бир-биридан ажратиб ташлаш, уларнинг бирлашиб, ягона давлат тузишларига изн бермаслик учун бутун чораларни ишга солдилар. Бундан кузатилган бош мақсад - ўлка халқларининг бирлашувига, ўз истиқлолини ва истиқболини биргаликда бунёд этишига йўл қўймаслик ва шу асосда Марказнинг бу ердаги ҳукмронлигига, социалистик қайта қуриш жараёнининг авж олишига кенг майдон яратиш эди.

1924 йилнинг 27 октябрида бўлиб ўтган СССР Марказий Ижроия Қўмитаси II-сессиясида Ўрта Осиёда миллий давлат чегараланиши ўтказиш тадбирлари тўла мақулланди. Шундай қилиб, ҳукмрон Марказ саъй-ҳаракатлари орқасида Ўрта Осиёнинг сиёсий жуғрофияси сунъий равишда ўзгартирилди. Ўрта Осиё ҳудудидаги Туркистон АССР, Бухоро ва Хоразм республикалари ўрнида олтита миллий давлат бирлашмалари ташкил этилди.
Натижада ягона Туркистон халқлари бир - биридан сунъий равишда узоқлаштирилди. Бу ҳол советларга ўлкада ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун катга имкониятлар яратиб берди.

Марказ мўлжаллаётган миллий сиёсат мазмуни, моҳиятидан хабардор бўлган Туркистоннинг илғор зиёлилари, узоқни кўра билган донишманд арбоблари ўлка бирлиги, яхлитлигини, унинг қардош халқлари жипслигини зўр бериб ҳимоя қилишга уриндилар. Бироқ ўлка жиловини қўлда маҳкам тутган большевик мутасаддилар уларнинг ҳаққоний фикрларини ҳисобга олмадилар. Бугина эмас, ягона ва мустақил Туркистон ғояси учун курашган ватанпарвар кучлар, миллий зиёлилар миллатчиликда, туркпарастликда ва совет ҳокимиятига қаршиликда айбландилар.

Гап шундаки, чоризм ҳукмронлиги даврида чекка ўлкалар халқлари очиқ-ошкора тарзда камситилар, уларнинг инсоний қадр-қиммати, ор-номуси, аслий миллий қадриятлари таҳқирланар эди. Собиқ совет мутасаддилари эса ўзларининг ниқобланган сохта ишлари, ёлғон-яшиқ ваъдалари билан мазлум миллат кишиларини ўз ҳукмларига бўйсундиришга интилдилар.
Туркистон халқлари ўз миллий давлатчилигини тиклаш ва ривожлантиришга интилди. Янги тузилган Ўзбекистон ССР тарихидаги биринчи конституция лойиҳаси 1927 йил 27–31 март кунлари тасдиқланган. Ўзбекистондаги барча табиий бойликлар, завод ва фабрикалар давлат мулки деб эълон қилинган.
1937 йилнинг 14 февраль куни Ўзбекистон ССРнинг иккинчи конституцияси қабул қилинган. У СССРнинг 1936 йилда қабул қилинган конституциясини сўзма-сўз такрорлаган.

1978 йилда ЎзССРнинг учинчи конституцияси қабул қилинади. ЎзССР Олий Совет Президиуми томонидан 15 апрель куни Олий Совет сессиясида конституция лойиҳаси СССРнинг 1977 йил 7 октябрида амалга киритилган конституциясига мослиги муҳокама қилиниб, айрим моддаларига ўзгартиришлар киритилган ва 19 апрель куни қабул қилинган. Бу конституцияларда фақат совет давлатининг манфаатлари биринчи ўринга қўйилган бўлиб, унда фақат давлат бошқаруви тартибига халқнинг тўлақонли бўйсуниши белгилаб қўйилган.

Мустамлакачилик ва қатағон йилларида шу қадар кўп ватандошларимиз жабр-зулм қурбонлари бўлганларки, улар ҳаёти ва фаолиятини мукаммал ўрганишдек ўта хайрли ва савобли ишга ёш авлод вакилларини ҳам жалб этиш айни муддаодир. Халқимиз бисотида: «Аждодлар хотираси муқаддасдир», деган ҳикматли сўз бор. Биз хотирасини эъзозлаётган, тавоф этаётган аждодлар эса совет давлати қатағон тегирмонларида мажақланиб ташланган, сўнгги манзиллари ҳам номаълум бўлган жабрдийдалардир.

Дарҳақиқат, ўзбек халқи ўз Ватанининг мустақиллигига эришганидан сўнг мамлакатимизда олиб борилган энг хайрли ва энг савобли ишлардан бири Совет ҳокимияти йилларида «халқ душмани», «аксилинқилобчи», «миллатчи», «қулоқ» сифатида қораланиб, қатағон этилган ватандошларимиз пок номларининг оқланиши бўлди. Бугунги ёш авлод бегуноҳ қатағон қилиниб бадном этилган аждодлари, ота ва боболари билан фахрланиш ҳамда улар хотираси олдида ҳурмат билан бош эгиш имконига эга бўлди.
Ва ниҳоят бир неча йиллар орзиқиб кутилган кунлар ҳам келди. 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисидаги қонун қабул қилиниб, 1 сентябрь мустақиллик куни сифатида эълон қилинди. Мустақил Ўзбекистон конституцияси 1992 йилнинг 8 декабрь куни XII чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг XI сессиясида қабул қилинди. У 6 бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат. Унда халқ манфаатлари энг олий ўринга чиқарилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси сифатида демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, аҳолининг эркин ва обод турмушини таъминлаш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш ҳамда барча соҳаларда ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Юртимиз тараққиётининг янги босқичида халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёти учун ишончли кафолат бўлган Бош Қомусимизни бугунги давр талабларига мос ҳолда, энг муҳими, фуқароларимиз хоҳиш-иродаси ва фикри ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади бўлган «Инсон – жамият – давлат» тамойили асосида ҳақиқий халқ Конституциясига айлантириш ишлари изчил амалга оширилмоқда.

Азиз ватандошлар бугун биз тинч , осуда , фаровон ҳаётда яшаётганимиздан ҳамда барча манфаатларимиз бош қомусимиз билан ҳимояланганлигидан ҳар қанча фахрлансак кам. Барчангизни бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 30 йиллиги билан самимий муборакбод этаман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.

Улуғбек Аширов,

Қарши Давлат Университети тузилмасидаги

“Қатағон қурбонлари хотираси” музейи илмий ходими

партия фаоли

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+