Шукроналик ҳисси шикоятга ўрин қолдирмайди

11.05.2021 18:05:55

Доноларимиз  таъкидлаганларидек : “Аллоҳ инсонни  неча  бор  синайди : мансаб,  давлат,  дард  бериб ва  ҳоказо”.

2020  йил  барча мамлакатларда коронавирус балоси ёпирилди,  бизни  ҳам  четлаб  ўтмади. Қарангки, ҳалқимизнинг сабр – тоқати,  қатъий  интизоми,  меҳр – оқибати туфайли  бу офатдан ҳам кам талофат билан чиқа олдик. Аммо, кейинги пайтда атрофимизда,  интернетда  баъзи  боқиманда,  ношукур  одамларни  учратиб,  суҳбатлашиб тавба дегимиз келади. Ахир, биз  бир  майизни 40га бўлиб  еган  аждодлар  ворисларимиз-ку!  Ўзи  емай,  қўшнисига  илинган,  ўзи  киймай, ҳатто  Ҳаж  сафарига  бормай маҳалласини  обод  қилган  қанчадан-қанча  саховатли  инсонлар  орамизда,  улардан  ибрат  олсак  арзийди. 

Авваллари  аёлларимиз  (мен  асосан  аёллар билан ишлайман)  етишмовчиликлари бўлса  ҳам, ҳаттоки  ногирон фарзандларини сездирмасликка  интилганлар,  қаранг-ки  орият  қанчалик кучли  бўлган.  Эрта-индин  фарзандларим катта бўлгач, келин оламан, қиз чиқараман деган  андиша  билан,  маҳалладан  ҳам  сир  тутганлар. 

Бизга  нима  бўлди, наҳотки аёлларимиз  (битта – иккита  бўлса-да)  ўз  шаънини  ҳимоя  қила  олмаса! Оилада ўсаётган фарзандлар ўртоқлари  орасида  оналарининг  қилмишларидан  уялмайдиларми,  ўксинмайдиларми?

7-8 та  фарзандни  ёлғиз  боққан  оналаримиз  маҳаллага  чиқмаганлар,  наҳотки  ҳозирги тўкинчилик даврида 1-2 та  фарзандли  аёлларимиз  ношукурлик  қилиб,  тўрт  мучаси  соғ  бўлса-да, “бер – бер”га  ўрганиб  қолдилар.  Яқинда  бир  аёл  билан суҳбатлашиб  қолдим,  эри  билан  14  йил  ичида  ҳеч  бўлмаганда  пахсадан  бўлса  ҳам  иккитагина  хонали  уй  қуролмаса,  қишлоқда  туриб  битта соғин  сигир,  20-30 та товуқ боқа  олмаса,  ер бекор ётибди, экин – тикин  қилиш имкони  етарли,  фақатгина меҳнат қилиш керак, токай боқиманда бўлиб яшаймиз, ғуруримиз қайда  қолди?  “Бирни  кўриб  сабр  қил,  бирни  кўриб  шукр  қил”  деган  доно халқимиз  ҳикматларида чуқур маъно  бор. 

Муборак  Рамазон  ойларида  меҳр – саховат,  шукроналик  ҳислари  қалбларимизни  мунаввар  қилсин ! 

Мухаббат  ШАРАПОВА,

 Ўзбекистон  Қаҳрамони

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+