Сифатли таълим-тарбия бош мақсадимиз

25.02.2022 12:02:26

Мамлакатимиз янги даврга қадам қўйди. Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳам ривожланиш ва янгиланиш йўлидан дадил одимлаб боришига имкон бермоқда. Амалга оширилаётган янгиланишлар даврида таълим тизимига  алоҳида эътибор берилмоқда.

Албатта, жамиятнинг барча соҳаларида фаолият кўрсатаётган ёш кадрлар биз ўқитувчилар томонидан берилган билим, кўникма ва малакага таянган ҳолда иш кўрадилар. Шундай экан кадрлар салоҳиятига бевосита дахлдор бўлган ўқитувчилар ўз устиларида кўпроқ ишлашлари, дарс жараёнида замонавий ахборот коммуникация воситаларидан ҳамда турли хил компетенциялардан унумли фойдаланишлари зарур.

Шу билан бир қаторда, таълим муассасаларида иқтидорли ўқувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, интеллектуал қобилиятларини ривожлантириш, уларнинг фанлар бўйича билим ва малакаларини алмашишларига ҳамда фанлардан олган билимларини намоён этишларига имконият яратиш диққат марказимизга айланмоғи лозим.

Қолаверса, юртбошимиз томонидан таълим жараёнини мазмунан ислоҳ қилиш мақсадида таълим тизимини янги шакл ва кўринишларини жорий этиш, ўқувчи фаолиятини ривожлантиришга, боланинг шахсий фикрини камол топтиришга хизмат қиладиган, ижодкорликка йўналтирувчи натижали таълимни ташкил этишга қаратилган фаолиятни амалга оширишга эришиш муҳим вазифа эканлиги  кўп бора таъкидланмоқда.

ХХI асрнинг етук, интеллектуал салоҳиятли фуқаросини тарбиялаш XXI аср ўқитувчиси олдига талай вазифаларни юклади. Таълим-тарбия тизимини янада яхшилаш, такомиллаштиришга қулай шарт-шароитлар яратилди. Бу борада мен ҳам тарих фани ўқитувчиси сифатида ўз олдимга қатор вазифаларни қўйганман. Таълим жараёнида давлат таълим стандартларида белгиланган талабларни бажариш билан бирга ўқувчиларни эркин фикрлашга ўргатаман, ўқувчиларнинг қизиқишлари психологик ҳамда физиологик хусусиятларини алоҳида эътиборга оламан.

Хулоса қилиб айтганда таълим тизимида амалга оширилаётган барча саъйи-ҳаракатлар, бир мақсадга – фарзандларимизнинг ҳар томонлама мукаммал таълим-тарбия олишларига қаратилган. Зеро, таълимга эътибор- келажакка эътибордира

Дилбар ҲАКИМОВА,

ЖДПИ қошидаги академик лицей ўқитувчиси,

партия фаоли

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+