Сирдарёнинг адолатли қайноналари

29.06.2021 18:06:52

Турмуш шароитимизда муҳокамаларга сабаб бўлаётган масала ва эскирмайдиган мавзулардан бири бу қайнона-келин муносабатларидир. Шу сабабли маҳалласи фаровон ва тинч бўлишини хоҳлаган маҳалла раиси борки, қайнона-келинларни муросага келтириш, қайноналар мактабини йўлга қўйишни ўзи учун мақсад деб билди. Бу мақсадни қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Янгиер шаҳар Кенгаши эзгу бир  ташаббусни  илгари сурди. Яъни “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг шаҳар босқичини ташкил қилди. Унда янгиерлик  ўн бир нафар қайноналар иштирок этишди.

Танлов низомига асосан ўз билими, маҳорати ва кўп йиллик нуроний меҳри билан қўни-қўшниларга намуна бўлиб келаётган онахонлар бир нечта шартлар асосида ўзаро беллашишди. Рақобат эмас, ўзаро дўстликни ифодалаган танловнинг ҳакамлар ҳайъати ҳар бир шартни адолатли баҳолади. Натижаларга кўра эса Зулхумор Наимова "Адолатли қайнона" кўрик-танловининг вилоят босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди. Ғолиблар Ўзбекистон "Адолат" СДП Янгиер шаҳар Кенгаши томонидан муносиб тақдирланди.

Кўрик-танловнинг Оқолтин туман босқичида ҳам ҳаётий тажрибага эга, маҳаллада ўз обрўсига эга бўлган ўн нафар қайноналар иштирок этишди. Яъни, шартлар асосида туманнинг ҳар бир маҳалласидан ташриф буюрган онахонлар қайнона-келин муносабатларини тартибга солиш орқали бошқаларга ҳам ибрат бўладиган ҳаётий маслаҳатлари билан ўртоқлашди. Танловнинг якуний натижаларига кўра 1-ўрин тумандаги “Тошкент" маҳалласида истиқомат қилувчи Зарифа Арзиқуловага насиб этди.

Шунингдек,  кўрик-танлов партиянинг Сардоба, Сирдарё туманлари ҳамда Гулистон шаҳар Кенгашлари томонидан ҳам маҳаллалар билан ҳамкорликда ўтказилди. Юзга яқин иштирокчини қамраб олган танловнинг вилоят босқичи июль ойида ўтказилиши режалаштирилган. Энг муҳими Сирдарёнинг адолатли қайноналарини аниқлаш орқали оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасидаги ишларни оммалаштириш масаласига урғу берилди.

Ғолиблар партиянинг махсус дипломи ва совғаларига эга бўлишди.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+