Сирдарёнинг емирилган дамбаси мустаҳкамланиб, ўзан ўз йўлига қайтарилди

09.06.2021 09:06:11

Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Наманган тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда Тепақўрғон маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Сирдарёнинг емирилган дамбасини мустаҳкамлаш, дарё ўзанини аввалги ҳолатига қайтариш бўйича аниқ режа асосида иш олиб борилди.

Айни шу мақсадда дарёнинг ўрта қисмида табиий ҳолда ҳосил бўлган ва ҳозирги кунда ўзанни экин майдонлари томон сурилишига сабаб бўлаётган қайрон, яъни шағал тўпламини олиб ташлаш ва аввалги жойига қайтариш учун масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Jizzakh Petroleum” қўшма корхонаси, “Андижон” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси каби ҳудудий тадбиркорларнинг оғир техникаларини жалб этган ҳолда 20 метр кенгликда, 2,5-3 метр чуқурликда ва 380 метр узунликда канал қазиш ишлари олиб борилди. Эски ўзанни очиш учун қум-шағаллар олиб чиқилиб, дарё қирғоқлари мустаҳкамланди, табиий ҳолда ҳосил бўлган қайрон ўртасидан канал очилди.

– Дарёнинг ўрта қисмида табиий ҳолда ҳосил бўлган қайронни олиш ва шағалларни дарёнинг ҳимоя дамбасига ташлаш учун махсус техник восита ўрнатилиб, дарё ўртасидан 8-10 метр чуқурликда, 35 метр масофада ўзан (очиш) тозалаш ишлари, 3500 м3 қум-шағал ишлари бажарилди, – дейди вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Дилмурод Абдураҳмонов. 

– Бундан ташқари, вилоят автомобиль йўлларидан фойдаланиш бошқармаси ҳамда Норин-Сирдарё ирригация тизими ҳавза бошқармаси, Наманган тумани ободонлаштириш бошқармасининг механизациялаштирилган йиғма отрядларининг махсус-муҳандислик техникалари ва юк автомашиналари кўмагида Янгиқўрғон туманидаги Поромон қишлоғида жойлашган тоғ-тош карьеридан 1500 м3 ҳажмдаги тошлар олиб келиниб, дарё қирғоғига жойлаштирилди.

Ҳозирги кунда Наманган тумани аҳолиси, ижтимоий-иқтисодиёт объектлари ва қишлоқ хўжалиги экин майдонларини тошқин сувлари, сел оқимлари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, янги очилган дарё ўзанини кенгайтириш ишлари давом эттирилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+