Сиёсий  ўқув: сабоқлар ва хулосалар

24.03.2021 11:03:12

Наманган давлат университетида сиёсий партиялар ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатлари, оммавий ахборот воситалари  ходимлари  учун сиёсий ўқув курслари  давом этмоқда. Кун тартибидан фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, сайловчилар билан ишлашни такомиллаштириш, электорат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жамоатчилик назоратини пухта йўлга қўйиш, сайлов соҳасидаги жаҳон тажрибасини  ўрганиш каби масалалар жой олган. Вилоят марказидаги олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари машғулотларни интерфаол усулда ташкил этаётганликлари тингловчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Биз  ана шу машғулотларда қатнашаётган партиядошларимиздан ўқувдан олган таассуротлари билан ўртоқлашишни илтимос қилдик. Қуйида тингловчиларнинг фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.

Ёрқиной Ҳожиматова, партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

- Фуқаролик жамиятни ривожлантириш йўлидан борар эканмиз, сиёсий партияларнинг ҳаётимиздаги роли ва аҳамияти тобора ошиб бораверади. Айни кунларда ташкил этилган ўқувда ҳам бу мавзуда анчагина фикр алмашдик. “Сиёсий партияларнинг имижини шакллантириш, сиёсий партияларнинг ОАВ билан ўзаро мулоқоти” - мана шу мавзу нафақат менинг, балки бошқаларнинг ҳам диққат марказида бўлди. Чунки мазкур масала сайловчилар ишончини қозонишда катта аҳамиятга эга. Агар биз 2019 йил декабрда ўтказилган сайловлар якунини таҳлил этсак, юқори натижаларга эриша олмаганимиз аниқ.

Тўғри, партиямиз имижини  яхшилаш йўлида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бордик. Лекин сайлов кампаниясидан олдинги қарийб тўрт йилдан зиёд вақтда мазкур масалага эътибор суст бўлганлиги билиниб қолди. Бундан қандай хулоса чиқади? Биринчи навбатда сиёсий партия имижини яхшилашга қаратилган тарғибот-ташвиқот доимий, яъни ҳеч қандай танаффуссиз олиб борилиши керак. Қолаверса, бу ишнинг замонавий, таъсирчан ва ўзига хос услубларидан фойдаланиш талаб этилади.

Бу ўринда оммавий ахборот воситалари  таҳририятлари ва блогерлар билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ҳам фойдадан ҳоли эмас. Лекин мазкур йўналишда самарали иш олиб бориш учун маълум миқдорда маблағ ҳам зарур. Сабаб -  сайлов кампаниясида партия ёки депутатликка номзоднинг дастурини оммага етказиш учун газета майдони ёки телевидение, радиодан эфир вақти бепул ажратилади. Бошқа пайт эса муаммони партиянинг ўзи ҳал қилишига тўғри келади. Бу масалага ҳозирча ечим топилгани йўқ.

Сарбаржон ШОКИРОВ, халқ депутатлари Учқўрғон туман кенгаши депутати:

- Ўқув мобайнида кўп баҳсларни келтириб чиқарган мавзулардан бири - депутатларнинг фаоллигини оширишдир. Очиғини айтганда, тўлақонли ишлаб,  сайловчиларнинг ишончини оқлаш осон эмас. Ўзи маҳаллий кенгаш депутатларининг мақоми тўғрисида қонун бор, унда жуда катта ҳажмдаги вазифалар белгиланган. Амалда уларни бажариш учун қайсидир бир ташкилотда ишлайдиган депутатнинг вақти ҳам етмайди. Бундан албатта, депутатларни профессионал фаолиятга ўтказиш керакмикан, деган фикр туғилади.

Ёки депутатлар ва сайловчилар сони ўртасидаги мувофиқликни олиб кўрайлик. Одатда, шаҳар ва туман халқ депутатлари кенгашларида кўпи билан ўттиз нафар депутат бор. Аммо бу рақам сайловчилар сонига доим ҳам мутаносиб бўлавермайди. Мисол учун, вилоятимиздаги  туманларда 140 мингдан 250 минггача аҳоли истиқомат қилади. Халқ депутатлари кенгашларидан 30 тадан ўрин бор. 600 мингдан зиёд одам яшайдиган  Наманган шаҳрида ҳам шунча депутат. Бу тўғрида ҳам ўйлаб кўриш лозим.

Ўқув курсидаги машғулотлар жараёнида қатор депутатлар билан ишни   янада яхшилаш юзасидан ўзаро фикр алмашдик. Кўпчилик ҳокимликлар ва халқ депутатлари кенгашлари ваколатларини чегаралаш тарафдори эканлиги маълум бўлди. Чиндан ҳам бу масала кўтарилганидан бери анча вақт ўтди. Бироқ ҳал этишга келганда қатъият етишмаяпти.

Биз, “Адолат” СДП фаоллари ва депутатлари ўқув давомида  жуда кўп янги, керакли маълумотлар олдик. Ўзимизни қийнаётган саволларга жавоблар изладик. Бу жараён партиямиз нуфузини кўтариш, депутатлар фаоллигини оширишда барчамизга кўмаклашади, деб ўйлайман.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят

 Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+