Сиёсий ўқувлар асосида сиёсий жараёнга тайёргарлик  

20.04.2021 14:04:29

Жорий йилнинг март ойидан буён давом этиб келаётган сиёсий партия вакиллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган сиёсий ўқувлар айни кунларда Денов туманида ҳам бўлиб ўтмоқда. Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида бўлиб ўтаётган ўқув машғулотларида Ўзбекистон “Адолат” СДП Денов, Узун, Сариосиё, Шўрчи ҳамда Олтинсой туман Кенгаши ходимлари, партиядан сайланган  туман-шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳам фаол  иштирок этмоқдалар.

Ўқув машғулотлари мазкур олий ўқув юртининг профессор-ўқитувчилари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қизғин савол-жавоб, мулоқотлар тарзида олиб борилмоқда.  

Ўқув машғулотларида сиёсий партиялар вакилларида лидерлик кўникмаларини ривожлантириш, сиёсий маданият, этика ва вақтдан, шунингдек, бошқариш технологиялари (time-management)дан самарали фойдаланиш, партиялар томонидан кучли депутатлик ва  назоратини ўрнатиш бўйича замонавий услубларни татбиқ этиш, муаммоларни аниқлаш ва самарали ҳал қилиш бўйича амалий кўникмалар шакллантириляпти. “Маҳаллабай” тизимини самарали татбиқ этиш, “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойилининг жорий этилишида партия ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг роли, мазкур йўналишдаги ишларни ташкил этиш кўникмаларини мустаҳкамлаш юзасидан иштирокчиларга кенг маълумот  ва билимлар берилмоқда.

Фарҳод Расулов, Халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутати:

-Машғулотларда тингловчиларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, сайлов қонунчилиги, сиёсий партияларнинг дастурий мақсад ва вазифаларига эришишда қўлланиладиган технологиялар ва сайлов жараёнларини ёритишнинг ўзига хос хусусиятлари юзасидан замонавий педагогик ва интерфаол усуллар асосида сабоқлар берилмоқда. Шу билан бирга, ҳудудлар ва соҳалардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда сиёсий партияларнинг жамоатчилик ва депутатлик назорати таъсирчанлигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Муродулло Сангинов, партия Сариосиё туман Кенгаши раиси:

-Машғулотлар жорий йилда бўлиб ўтадиган Президент сайлови жараёнидаги тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда муҳим аҳамият касб этади.  Партиядошларимизнинг ушбу машғулотларда олган муайян билим, воизлик маҳорати ва бошқа кўникмалари сайловчилар билан бўладиган учрашув ва мулоқотларда қўл келади. Айниқса, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар билан секторлар кесимида амалга оширилаётган ишлар устидан партия, депутатлар ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича ишларни тўғри, тизимли ташкил қилиш бўйича мотивацион тренинглар ва “маҳорат сабоқлари”нинг ўтказилаётганлиги машғулотлар мазмуни ва самарадорлигини янада оширмоқда.

Сиёсий ўқувларда 30 нафардан ошиқ  ҳудудий партия ташкилоти ходимлари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирок этмоқда. ўқув машғулотларида долзарб мавзуларда  қилинаётган маърузалардан сўнг қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтмоқда.

Уларда сиёсий ўқув иштирокчилари олинган назарий билимларини ўз иш тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда амалиёт билан умумлаштиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Ўқув машғулотлари давом этади.

Шоҳруҳ ТОШТЕМИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Денов туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+