Сиёсий ўқувлар дахлдорлик ҳиссини шакллантиради

18.03.2021 15:03:32

Аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар ва ислоҳотлар самарадорлигининг муҳим шарти саналади.
Сиёсий-ҳуқуқий саводхонлик фақат ҳуқуқий таълим олишдангина иборат эмас, балки бу билимларни етарлича ўзлаштириш, тушуниш, улар воситасида ҳуқуқий муносабатларда иштирок этиш, ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдира олиш билан ҳам белгиланади.
Амалда қўлланилаётган ҳуқуқий меъёрларни, қонун ва қонуности ҳужжатларини ўрганиш, билиш, уларни ҳаётга татбиқ эта олиш кўникмалари пировард натижада жамият аъзоларининг қонунларга ҳурмат ҳиссини ошириш, ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда барча вилоятлар қаторида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши ва туман Кенгашлари ходимлари ва депутатлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Бугунги кунда партиямизнинг “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш — демократик жамият пойдевори” лойиҳаси доирасида шаҳар ва туманлардаги барча маҳаллаларда кўнгилли лекторлар шакллантирилиб, ҳар ҳафтанинг сешанба куни маҳаллаларда сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ўтказиб келинмоқда.

Жумладан мазкур ҳафтада маърузачилар  иштирокида вилоятдаги 10 та маҳаллада ўтказилган сиёсий-ҳуқуқий ўқувларда 104  нафар тингловчи қамраб олинди.
Барча маҳаллаларда ташкил этилган сиёсий-ҳуқуқий ўқувларда Президентимизнинг фармон ва қарорлари, қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳияти, дунё сиёсий саҳнасида рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида партия фаоллари томонидан атрофлича тушунчалар берилди ва иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Қурбонали Шоназаров, Сариосиё тумани “Афросиёб” МФЙ фуқароси, кекса фахрий:   

“Адолат” партияси вакиллари томонидан маҳалламизда яшовчи фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича қилинаётган тарғибот ишларидан мамнунмиз,  Албатта, бугунги тезкор замонда воқеликлардан ўз вақтида хабардор бўлиш юрт эртасига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсоннинг фуқаролик бурчидир. Биз кексаларга ёшларга ўхшаб интернет тармоқларидан маълумотлар олиш ўзига хос қийинчиликлар туғдиради, буни англаган “адолатчилар” янги қонунлар асосида аҳолига яратилаётган қулайликлар ҳақида ўзига хос тарздаги ёндашувлар билан батафсил маълумотлар бермоқдалар.

Шуни айтиш жоизки, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий тафаккурга эга бўлиши, демократик ўзгаришларни, ислоҳотларни қалбан ҳис қилиши ва унда бевосита иштирок этиши, сиёсий-ҳуқуқий маданиятини кундан-кунга ошириб бориши уларнинг кундалик амалларига айланиши билан изоҳланади. Айнан ҳуқуқий демократик давлат барпо этишнинг умумий тамойили ҳам қонунларга қатъий риоя этиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишини таъминлаш жараёнларида намоён бўлади.

Дилафрўз РАҲМАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+