Соғлиқни сақлаш фидойиликни талаб қилади

15.02.2024 10:02:16


Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган таълим, тиббиёт, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларидаги ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд камчиликлар танқидий таҳлил этилиб, галдаги устувор вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда эришилаётган ютуқлар билан бирга талай долзарб вазифалар ҳам ўз ечимини кутаётгани айтилди.
Эндиликда онкологик касалликларнинг олдини олиш мақсадида эрта аниқланган ҳар бир ҳолат учун тиббиёт бригадаларига мукофот бериш тизими жорий қилинадиган бўлди. Бу бизнинг филиалимиз жамоасига ҳам катта масъулият юклайди.
Сир эмас, онкологик касалликлар бутун дунёда даволаш учун катта маблағ ва юксак тиббий имкониятлар талаб қиладиган хасталиклар қаторига киради. Шу боис филиалимизда онкология хизматини яхшилаш учун бюджетдан етарли миқдорда маблағлар ажратилиб, даволаш ҳамда диагностика бинолари янгидан барпо этилди. Энг замонавий тиббий жиҳозлар ва дори-дармон воситалари харид қилинди.
Қолаверса, филиалимиз шифокорларидан 37 нафари хорижий давлатлардаги етакчи клиникаларда малака ошириб қайтди.
Дарвоқе, чет мамлакатлардаги 9 та тиббиёт маркази билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйдик. Амалга оширилган ушбу чора-тадбирлар натижасида вилоятдан даволаниш учун пойтахтга борадиган онкологик беморлар сони икки баробар камайди. Онкологик касалликлар билан хасталанганлар орасида бир йил мобайнидаги ўлим кўрсаткичи ҳам сезиларли даражада камайди. Йиғилишда таъкидланганидек, касалликни эрта босқичда аниқлашга эътибор қаратилгани ютуқларимизда муҳим омил бўлди.
Президентимиз галдаги долзарб вазифаларни ҳам белгилаб, бердики, бу ҳам бизга масъулият юклайди.Тиббиёт соҳаси, жумладан, онкологик касалликларнинг олдини олиш борасида билдирилган танқидий фикрлардан хулоса чиқарган ҳолда, ишимизни янги босқичда давом эттирамиз. Зотан, халқимиз бизга энг улкан бойлиги – саломатлигини ишониб топширар экан, биз, тиббиёт ходимлари бу омонатни нафақат асрай олишимиз, балки инсонларнинг соғлом ва узоқ умр кўриши йўлида куч-салоҳиятимизни аямаслигимиз, бу эзгу мақсадга бутун борлиғимизни бахшида этишимиз керак. Шундагина шифокор деган шарафли номни оқлаб, халқимизнинг ишончини қозонамиз.

Тоҳиржон ПОЛВОНОВ,
Республика ихтисослаштирилган
онкология ва радиология
илмий-амалий тиббиёт маркази
Хоразм филиали раҳбари,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши
депутатлик гуруҳи раҳбари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+