“Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси ислоҳотлар самарадорлигини оширади

29.01.2024 13:01:07

   Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ҳамда халқимиз ва кенг жамоатчилик муҳокамаси жараёнида билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг асосий ғояларидан бири бу келгуси етти йилликда аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган тиббий хизмат кўрсатиш тизимини ташкил этишдир.
   Шу боис, Стратегиянинг ўнга яқин мақсадларида айнан аҳоли саломатлигини таъминлашга оид вазифалар белгиланган. Жумладан, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш, бунинг учун 350 минг нафар диабет ва 1,5 миллион юрак-қон томир касаллиги бор беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб олиш, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этиш белгиланган.
   Шунингдек, болалар ўртасидаги ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини ошириш, оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва ўлим кўрсаткичини камайтириш каби мақсад ва вазифалар ҳам ўз аксини топган. Белгиланган вазифа ва йўналишларнинг соҳага татбиқ этилиши орқали болалар ўртасидаги ирсий касалликларни 2 баробарга, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларни 20 фоизга қисқартириш, 30-69 ёшдаги аҳоли орасида онкологик касалликларни профилактик кўрикларда, эрта босқичларида аниқлаб, 5 йиллик умр давомийлиги кўрсаткичларини 2 баробар ошириш, 1 йилгача ўлим кўрсаткичини 2 баробар камайтиришга эришилади.
   Албатта, бугун қайси соҳа ва йўналишда белгиланган вазифа ва мақсадларни олмайлик, рақамли технологияларни кенг жорий қилмасдан туриб кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Шу боис, тиббиёт муассасаларининг иш фаолияти ҳам 100 фоизлик кўрсаткичда рақамлаштирилади.
   Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 22 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича ўтказилган йиғилишда ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасида давлат муассасаси шаклида “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси фаолиятини ташкил қилиш таклифи билдирилди.
   Йиғилишда ушбу марказ фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Боиси, тиббиёт соҳасида рақамлаштириш жараёнининг кенг жорий қилиниши давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг жадаллашувига, хусусий сектор фаолияти кенгайишига ҳамда давлат харидлари жараёнида шаффофликнинг ортишига олиб келади.
   Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, белгиланган стратегиялар натижадорлигига бевосита ижобий таъсир кўрсатувчи яна бир муҳим омил бу кадрлар салоҳияти масаласидир. Шу боис, йиғилишда “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси фаолиятига малакали ва тажрибали кадрларни жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, лойиҳа офиси фаолиятига ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали мутахассислари, шунингдек, хорижий эксперт ва маслаҳатчиларни шартнома асосида жалб қилиш топширилди.
   Шунингдек, Тошкент тиббиёт академиясининг таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилиб, жамоат саломатлиги, профилактик тиббиёт, жисмоний фаоллик ихтисосликлари бўйича магистрлик йўналишлари очилиши, тиббиёт йўналишидаги талабалар билимини халқаро тан олинган тизим асосида, икки босқичда давлат имтиҳонлари орқали баҳолаш йўлга қўйилиши белгиланди.
   2024-2025 ўқув йилидан бошлаб, ҳудудлардаги эҳтиёждан келиб чиқиб, тиббиёт олийгоҳларининг 200 нафар битирувчиси магистратура ва клиник ординатура дастурлари асосида етакчи хорижий таълим муассасаларида ўқитилади. Шу билан бирга, ихтисослаштирилган хирургия, кардиология, эндокринология, дерматовенерология ва косметология марказлари, Болалар миллий тиббиёт маркази ҳамда Миллий тиббиёт маркази халқаро аккредитациядан ўтказилади. 2024 йилда амалдаги 40 та санитария қоида ва нормалари қайта кўриб чиқилиб, халқаро стандартларга мослаштирилади.
   Умуман олганда, халқ саломатлиги ва соғлом миллат генофонди ҳар бир давлатнинг муҳим бойлиги эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, тиббиёт соҳасида “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси фаолиятининг йўлга қўйилиши фуқаролар саломатлигини асраш, малакали тиббий кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этиш борасида ўзининг ижобий натижасини кўрсатади.

Махфират ХУШВАҚТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+