Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар изчил давом этади

11.05.2021 23:05:09

Президент  томонидан 2021 йилнинг 5 май куни “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

Очиғини айтганда, сўнгги тўрт-беш йил ичида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида аҳолининг барча қатламига, айниқса, узоқ қишлоқ аҳолисига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар бугун давлат сиёсатининг бош мақсадига айланган. Шу мақсадда бугунгача 120 дан ортиқ ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда соҳанинг барча йўналишларини комплекс ривожлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар қамраб олинган.

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари қабул қилган янги фармон ҳам тиббиётдаги ислоҳотларни изчил давом эттиришга қаратилган. Буни фармонда белгиланган қуйидаги муҳим устувор вазифалар ҳам аниқ кўрсатиб турибди:

Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда “тиббиёт бригадалари” фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилади, Жумладан:

2021 йил 1 июлдан бошлаб - 10 мингта;

2022 йил 1 январдан бошлаб - яна қўшимча 10 мингта.

Эҳтиёж мавжуд бўлган оғир шароитли туман (шаҳар)лар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари лавозимларига республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, уларнинг филиаллари, олий тиббиёт таълим муассасалари, улар ҳузуридаги клиникаларнинг малакали раҳбар ходимлари ва мутахассислари жалб қилинади. Улар шартнома асосида муайян муддатга асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини сақлаган ҳолда, улар жалб қилинган тиббиёт бирлашмаси раҳбари лавозимидаги ойлик иш ҳақини тўлиқ тўлаб берилган ҳолда жалб қилинади.

Марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг Давлат бюджетидан молиялаштириладиган амалдаги койкалар фондининг 10 фоизи 2022 йил 1 январдан бошлаб, яна қўшимча фоизи 2023 йил 1 январдан бошлаб тўлов асосида тиббий хизматлар кўрсатишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига таъминланадиган койкалар фондига ўтказилади.

2021 йил 1 июлдан бошлаб эса ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади. Ушбу фаолият фақат ўрта тиббий ёки олий ҳамширалик иши йўналиши бўйича олий маълумотга эга шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.

Шу ўринда бир фактни келтирсак ўринли бўлади: бугунги кунда мамлакатимизда ўрта бўғин тиббиёт ходимлари – ҳамшира ва фельдшерларнинг обрўси ва мавқеини оширишга алоҳида урғу берилмоқда. Жумладан, 47 та Ибн Сино номидаги техникумларни ҳар йили битирадиган 20 мингдан ортиқ ўғил-қизларимиз тиббиётнинг бир нечта соҳаларида касб эгаси бўлиб чиқиши инобатга олинган ҳолда ўрта бўғин тиббиёт ходимларига ҳам ҳамширалик иши билан мустақил шуғулланиш учун рухсат берилмоқда.

Шунингдек, нодавлат тиббиёт ташкилотларига қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилади:

а) махсус автотранспорт воситасида ташкил этиладиган “мобиль тиббиёт” хизмати ёрдамида жойига чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш;

б) нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат “тиббий пункт”ларини ташкил этиш.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квотасини 2 бараварга оширилади. Бунда, қуйидагиларни назарда тутувчи ўқитишнинг янги тизими жорий этилади:

клиник ординатура ўқув даврининг иккинчи йили ҳудудлардаги ихтисослашган тиббиёт марказлари филиалларида, вилоят болалар ва катталар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази филиалларида ўтказилади, шунингдек, маълум бир қисми иш жойида давом эттирилади;

2021 йил 1 ноябрга қадар бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизими ахборот технологияларини қўллаган ҳолда жорий этилади. Бунинг учун 2021 йилда қўшимча 80 млрд. сўм маблағ ажратилади.

Шунингдек, фармонда белгиланишича, Соғлиқни сақлаш вазирлигида Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси  ташкил этилади.

Бинобарин, қувонч билан эътироф этиш лозимки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар, фармон ва қарорлар, тиббиёт соҳасида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Янги Ўзбекистон қатор ижобий натижаларга эришди.

Мисол учун, мамлакатимиз  тиббиётидаги энг катта янгиликлардан бири сифатида трансплантация амалиётининг йўлга қўйилганини чет эллик мутахассисларнинг ҳам алоҳида олқишига сазовор бўлмоқда. Хорижлик тиббиётчилар билан ҳамкорликда буйрак, жигар ва ўзак ҳужайра трансплантацияси бажарилаётгани фикримизнинг далили бўла олади.

Ҳозирга келиб Миллий эмлаш календари бўйича мамлакатимизда болалар 12 та бошқариладиган инфекцияга қарши давлат ҳисобидан профилактик эмланмоқда. Юқумли касалликларга қарши эмлаш учун сарфланадиган маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланиб, эмлаш қамрови 99,5 фоизга етказилди.

 Айни чоғда мамлакатимиз тиббиётида хусусий сектор улуши ортиб бормоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш, уларга қўшимча шарт-шароит ва имтиёзлар бериш бўйича қабул қилинган қарорлари ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасининг ортиб бораётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар тиббиёт соҳаси давлатимизнинг устувор сиёсатига айланиб улгурганини яққол тасдиқламоқда.

 Буни Рим шаҳрида 2019 йил март ойида бўлиб ўтган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг 68-сессиясида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Гебрейесус ҳам алоҳида эътироф этиб ўтган эди.

Бинобарин, ишончимиз комилки, давлатимизнинг мавжуд имконият ва салоҳиятидан келиб чиқиб, пандемия даврида орттирган тажрибаси ҳамда хориждаги илғор ютуқлардан фойдаланиб, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда изчил давом этаверади. Зеро, буюк аждодимиз Имом Мотуридийнинг “Тириклик ҳикматини соғлиқда, деб билгин”, деган чуқур маъноли сўзлари Янги Ўзбекистоннинг ҳаётий шиорига, устувор вазифасига айланган!

 

 

Равшан ДАСТИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Чирчиқ шаҳар Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+