СОҒЛОМ АВЛОД ТАРБИЯСИГА БАРЧА МАСЪУЛ

19.04.2021 20:04:07

Ўзбекистон “Адолат” СДП Касби туман Кенгаши томонидан  тиббиёт  бирлашмаси тадбиргоҳида “Партия соғлом келажак ворисларини тарбиялаш тарафдори” мавзуида тарғибот  тадбири бўлиб ўтди. Унда партия фаоллари, маҳаллий  Кенгаш депутатлари, тиббиёт ходимлари, Ёшлар Иттифоқи, давлат, жамоат  ташкилотлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Аббос Ҳасанов маъруза қилди.

 -Партиямиз Сайловолди дастурида: “Биз ёшларнинг  ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиб, уларни миллий ва умуминсоний  қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаб, уларнинг қалбида  ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик ҳисси, фидокорлик каби  туйғуларни уйғотиб, турли мафкуравий таҳдидлардан  чегаралаймиз” деб аниқ тиниқ ёзиб қўйилган,-деди Аббос Ҳасанов.-Дарҳақиқат, соғлом авлодни вояга етказиш масаласи  бугун давлатимиз  сиёсатининг устувор вазифасига айланди. Биз партия туман Кенгаши билан ҳамкорликда Сайловолди дастуридаги “Юрт  келажаги ватанпарвар  ёшлар қўлида” бандида илгари сурилган масалаларни туманимиз ёшлари ва халқимиз ўртасида кенг тарғиб этаяпмиз. Ҳозиргача мен ўзим шундай учрашувларнинг 20 тасида иштирок этдим. Дастур тарғиботи эртамиз эгаларига  яхши тушунтирилаётгани  боис  партия сафига 103 нафар  ёшлар аъзо бўлди, 200 нафар ёш хайрихохлар эса ариза билан мурожаат қилди.

-Аввало, биз бунга Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг аҳоли ва ёшлар, кенг жамоатчилик орасида нуфузи ортиши учун тарғиботнинг таъсирчан усулларидан фойдаланаётганимиз  туфайли эришаяпмиз,-деди тадбирда партиянинг  туман Кенгаши раиси Бобур Юсупов.-Биз уюштираётган учрашувларимизда  қатнашаётган ёшлар, халқимиз қалбига йўл топиб, доимо уларнинг ўй-фикрлари ва ташвишлари билан ўртоқлашаяпмиз. Муаммоларини доимий меҳнатимиз, изланишимиз, сабр-бардошимиз, билим ва малакамиз билан эътиборсиз қолдирмасдан ижобий ҳал этаяпмиз.

Тадбирда партия  вилоят Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли Нодир Исомов, Ёшлар парламенти аъзоси Мадина Аллабердиева ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, ёшлар ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмаслиги, Ватанимиз озодлиги  абадийлиги  учун билим, ғайрат ва куч-қувватларини аямасликларини билдирдилар.

Шунингдек, партиянинг соғлом келажак ворисларини тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлари, Сайловолди дастуридаги  бошқа муҳим  устувор  йўналишлар хусусида ҳам  фаоллар тўпланганларга тушунча бериб ўтишди. Иштирокчилардан тушган  саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.

Сайловолди дастур тарғиботига бағишланган тадбир савол-жавоблар асосида ташкил этилгани  самарали бўлди.

                                                                         Абдулазиз АБДИЕВ,

                                                     Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят

                                                      Кенгаши раиси ўринбосари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+