Соғлом фарзанд – тараққиёт таянчи!

25.06.2024 11:06:59

Соғлом ва навқирон  авлод  жамият тараққиётининг асосидир. Шу боис ҳам   Янги Ўзбекистонни барпо этишда   жисмоний ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилди.

Касби туманидаги 11-мактабда 30 июнь – Ёшлар куни олдидан партиянинг «Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур!» лойиҳаси  доирасида ташкил этилган тадбирда асосий эътибор ҳам шу мавзуга қаратилди.

–Бугун  жонажон мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этмоқда,- дейди туман Кенгаши депутати, педагог Сайёра Юсупова.-  Уларнинг ҳар томонлама соғлом  улғайиб, истиқболда  комил инсон бўлиши учун барча зарур моддий ва маънавий шароитлар яратилмоқда. «Адолат» СДП туман Кенгаши ташаббуси билан маҳаллаларга чиқиб, аҳоли, болалар ва ўсмирларни тиббий кўрикдан ўтказяпмиз. Ёшларни соғлом бўлиши учун мутахассисларимиз  томонидан доимий равишда тиббий маслаҳат бериляпти.  Кези келганда айтишим лозим, касбилик  ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, уларнинг ўз устида изланиб, билим олиши учун имкониятлар етарлича.  Биргина туман марказида ҳам замонавий  спорт иншоотлари, дам олиш ва истироҳат масканлари, Ахборот-кутубхона маркази ёшлар ихтиёрига  берилган.  Ҳар йили  турли йўналишларда  спорт мусобақалари зўр тантана ва шукуҳ билан ўтаётир.

Тадбирда фарзандларни ёшлик чоғларидан бошлаб илм-у маърифатга ўргатиб бориш, бу бўйича болада  иштиёқ  уйғотиш кераклиги юзасидан фикр-мулоҳаза юритилди. Айниқса, таълим муассасаларида ўқишни тугатиб, ёзги таътилга чиққан фарзандларга эътиборли бўлиш лозимлиги ҳам қайд этилди. Шунингдек,  барча ота-оналарга ўз  фарзандларини кўча-кўйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножўя хатти-ҳаракатлар қилишдан сақлаб, гўзал хулқ эгаси бўлишига шароит ва имконият яратиш лозимлиги таъкидланди.

Тадбир сўнгида жамоат ишларида фаол қатнашаётган иштирокчиларга ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди.  

                                                  Бобур ЮСУПОВ,

                    «Адолат»  СДП

Касби туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+