Соғлом инсон, соғлом халқ мислсиз ишларга қодир

05.01.2023 18:01:33

Айни кунларда ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқалган «Док-1 Макс» дори воситаларини қабул қилгандан сўнг беморларда турли ножўя таъсирлар кузатилгани ва ҳатто бунинг натижасида болалар ўлими ҳолати қайд этилгани, вафот этганлар орасида менинг ҳамшаҳарларим, Самарқанднинг фарзандлари ҳам борлиги тўғрисидаги хабарлар барчамизни кўнглимизни хира қилгани табиий.

Бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий баёноти ҳам берилди, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳолат юзасидан ўрганишлари натижасида бемор болаларга мазкур препарат шифокор рецептисиз қўллангани аниқланган. Албатта, ҳозирда ушбу дори воситаларининг сотувига чек қўйилди, бир қатор масъулларга, мутасаддиларга тегишли чоралар ҳам кўрилди.

Мени ўйлантираётган яна бир масала, бугун қайси телеканалга қараманг дори рекламаси, дорилар шундай реклама қилинадики, гўёки сеҳргар сеҳрли таёқчасини бир силкитса ҳаммаси яхши бўлиб кетадигандек, дорилар кўзимизга сеҳрли таёқча бўлиб кўринади. Менимча, бу ҳам дори воситаларини шифокор рецептисиз сотиб олиш учун ундовнинг бир тури деб биламан. Кўпича соҳам юзасидан ташриф буюрганлар билан ҳам суҳбат асосида бу дорини ичдим, мана буниси таъсири яхшироқ экан деган гапларни эшитиб, кимни тавсиясига кўра ичдингиз десам фалончи айтганди, мақтаганди деган ҳолатлар ҳам учрайди.

Биз депутатлик гуруҳимиз, партиямиз фаоллари билан аҳоли билан учрашувлар чоғида ҳам «Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз!» шиори остида дори воситаларининг ноқонуний айланиши, сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олишга қаратилган тарғибот - ташвиқот, тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз. Юқоридаги вазиятдан кўриниб турибдики, биз, соҳа вакили ҳамда халқ ишонч билдириб сайлаган депутат сифатида ҳам тарғибот-ташвиқот ишларини янада кенгайтиришимиз лозим. Шунингдек, дори воситалари рекламасини тартибга солиш борасида ҳам ўзгаришлар қилиш кераклигини вақтнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Давлатимиз раҳбари, Шавкат Мирзиёев томонидан Олий мажлисга ва халқимизга йўлланган Мурожаатномада аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларимизни янги босқичга кўтариш зарурлиги таъкидланди. Бинобарин, соғлом инсон, соғлом халқ мислсиз ишларга қодир.

Абдулла Бояров,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+