Соғлом оила - соғлом жамият - порлоқ келажак

14.02.2024 15:02:16

Аҳоли саломатлиги – улкан бойлик, жамиятнинг барқарор ривожланишининг гаровидир.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилганидек, аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш ҳамиша эзгу мақсадларимиздан бири бўлиб қолаверади.


Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Фарғона вилояти ҳудудий филиали ҳамкорлигида Марғилон шаҳридаги 5-оилавий поликлиникада бепул тиббий кўрик ташкил этилди . Унда “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Фарғона вилояти ҳудудий филиали директори Нурилло Худойбергановлар мамлакатимиз Президентининг “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ўтказилаётган мазкур тадбир аҳоли ўртасида касалликларни эрта аниқлаш, аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қаратилганлигини таъкидладилар. Тадбир давомида аҳоли орасида тарғибот ишларини олиб бораётган мутахассислар томонидан иштирокчиларга аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қаратилган тарқатма материаллар ҳавола этилди. Мулоқот давомида терапевт, педиатр, эндокринолог, окулист, пульмонолог шифокорлар 100 га яқин ҳомиладор аёллар ва эҳтиёжманд оила вакилларини тиббий кўрикдан ўтказишди ва 10 хилдан ортиқ дори-дармон, витаминлар ҳамда кекса ёшдаги фуқароларга бепул кўзойнаклар тарқатилди.


- Ёшим етмишдан ошди, — деди тадбир иштирокчиси Манзурахон Мадаминова. — Бугун чуқурлаштирилган бепул тиббий кўрикка келганимдан хурсандман. Энг аввало, ЭКГ, УЗИ текширувларидан ўтдим. Ўзимни соғлом деб юрардим. Аммо, шифокорлар бир оз соғлигим билан боғлиқ муаммолар борлигини аниқлашди. Ушбу касалликларни даволашга мўлжалланган зарур дори-дармонларни бепул беришганидан хурсандман. Яна бир қувончлиси, кейинги пайтларда китоб ўқиёлмай қолгандим. Кўз шифокорларига раҳмат. Менга зарур кўзойнакни ҳам бепул беришди. Энди бемалол китоб мутолаа қиламан. Набираларимга эртак китоблар ўқиб бераман. Бугун зарур маслаҳатларни олиб қайтмоқдаман. Тадбир ташкилотчиларига ташаккуримни изҳор қиламан.


— Бизнинг оилавий поликлиника 9 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 28 минг 500 нафардан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. 14 та тиббий бригадаларимизга малакали мутахассислар бириктирилган. Шифокор ва ҳамширалар томонидан аҳолини тиббий маданиятини ошириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш борасида тарғибот ва даволаш ишлари олиб борилмоқда, — деди оилавий поликлиника бош ҳамшираси Дилшодахон Раҳмонова.
– Бугунги кунда поликлиникамизда 339 нафар ҳомиладор аёллар рўйхатга олинган бўлиб, хайрли тадбирда юзлаб аёллар ўз саломатликларини яна бир бор чуқурлаштирилган ҳолда назоратдан ўтказишга эришишди. Ҳомиладор аёлларимиз “Соғлом авлод” жамғармаси мутахассислари томонидан беминнат дори-дармонлар ва витаминлар билан таъминланишди. Бу албатта юртимизда соғлом авлодларнинг дунёга келишига, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Шу боис ҳам биз “ Адолат” партияси ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз. Яна бир нарсани қувонч билан айтишимиз мумкинки, жамоамиз бир овоздан партия сафига кириш истагини билдиришди.
Ҳамкорликдаги хайрли тадбирлар Фарғона вилоятининг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+