Сўхлик болалар қувончи чексиз

12.05.2021 09:05:30

“Таълим-тарбия — биз учун ҳаёт-мамот масаласидир”. Дарҳақиқат, бобомиз Абдулла Авлонийнинг бу пурҳикмат сўзлари мана неча замонлар оша ўзининг аҳамиятини, долзарблигини йўқотмай келмоқда.

Мамлакатимизда мазкур соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, самарали давлат бошқаруви тизимини яратиш, мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастур ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ушбу вазифаларнинг амалга оширилишида партиянинг иштирокини таъминлаб, жамоатчилик ва депутатлик назоратини ташкил этиш дастурий мақсадларимизни амалга оширишни йўлга қўймоқдамиз. Қонун ва фармонлар ижроси мамлакатимизнинг ҳар бир чекка ҳудудида ҳам ўзининг исботини топаётганини бизнинг Сўх туманимиз мисолида айтиш мумкин. Ҳазрати Али маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида партия депутатлари, шахсан партия Кенгаши раиси сифатида ўзим ташаббускорлик кўрсатган ҳолда аҳолимизга ва болажонларимизга давлат стандартларига мос янги замонавий хусусий шерикчилик асосида “Амирхон Мустафо” номли мактабгача таълим муассасаси очилиб фойдаланишга топширилди. Ўзбек ва рус тилларига ихтисослаштирилган ушбу болалар боғчасига маҳалладаги боғча ёшида бўлган 50 нафар тарбияланувчилар қамраб олинганлиги жуда қувонарли бўлди. 50 нафар тарбияланувчи бу дегани 50 та она ўзи учун касби кори, рўзғори даромади билан банд бўла олади, жамиятга бирор бир ҳисса қўшади, маълум бир соҳа ёки йўналишда ўзининг фаолиятини йўлга қўяди.  Бундан ташқари, 10 нафар хотин-қизлар доимий иш билан таъминланганлиги янада қувончлидир. Бу шундан далолатки, жамиятда аёлларнинг ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг жамият ҳаётида иштирокини янада оширишга имкон яратилди деганидир.

Мастонахон Санобарова маҳалладаги кўп фарзадли оилалардан бўлиб, 6 нафар фарзанди бор. Айнан иккита фарзанди боғча ёшида. Биз ушбу оилага ёрдам кўрсатиш мақсадида бир нафар фарзандига имтиёз қилиб, тўловларсиз келиши мумкинлиги айтдик ва шароит яратиб бердик.

- Мен ушбу боғча очилишидан, очиғи, жуда хурсанд бўлдим. Фарзандларим чиройли ва замонавий боғчага бориши, таълим-тарбия олиши, тил ўрганиши, албатта, қувонтирди. Сабаби биз сўхликлар тожик тилида гаплашамиз. Энди бизнинг болаларимиз ҳам ўзбек ва рус тилларида бемалол гаплашадиган бўлишади, - деб Мастонахон Санобарова дил сўзларини изҳор этди ва миннатдорчилик билдирди.

Ҳайрли ишларни ва амалларни ҳар биримиз ҳар куни қилмоғимиз керак. Ёрдам қўлини чўзиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак бериш зарур, албатта. Биз партия депутатлари ана шундай кўмак ва рағбат улашишга ҳамиша тайёрмиз. 

          

Субҳонали НИШОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сўх туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+