Сўнгги қўнғироқ жаранги

25.05.2021 17:05:56

8-умумтаълим мактаби Наманган шаҳридаги тўнғич билим масканларидан бири. Яқинда унинг “таржимаи ҳоли”га дастлабки сатрлар ёзилганига юз йил тўлади. Ўтган салкам бир аср мобайнида минглаб инсонлар бу даргоҳдан мустақил ҳаёт сари йўлланма олдилар. Уларнинг кўпчилиги ҳозир ҳам иқтисодий ва ижтимоий соҳанинг турли йўналишларида фидокорона меҳнат қилиб, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Педагогик жамоа бугунги кунда тажрибали устоз Баҳодир Абдурасулов раҳбарлигида 850 дан ортиқ ўғил-қизга таълим-тарбия бериб келмоқда.

25 майда мазкур мактабда ўқув йили якунланиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда ўқувчилар, педагоглар, ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Байрамона безатилган ўқув даргоҳининг кенг ҳовлисида она-Ватанни, меҳрибон устозларни, беғубор ёшликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.  

Тадбир аввалида вилоят ҳокимлигининг масъул ходими Зуҳриддин Баҳриддинов Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакаат мактабларининг битирувчиларига йўллаган табрикномасини ўқиб эшиттирди. Навқирод авлод вакилларига аталган ва улар ҳақида оталарча ғамхўрлик руҳи билан суғорилган самимий фикрлар ҳаммани тўлқинлантириб юборди. Табрикнома тинглангандан сўнг  узоқ давом этган олқишлар янграб турди. Бир қатор битирувчилар давлатимиз раҳбарининг даъватига жавобан Ватаннинг муносиб фарзандлари бўлиб етишиш ҳамда билдирилган ишончни оқлаш учун барча куч-ғайратларини сафарбар этишларини изҳор қилдилар.

Шундан кейин сўзга  чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби Нурбек Абдуллаев, “Нуроний” жамғармаси Наманган шаҳар бўлими раҳбари Анваржон Насриддинов, “Марғилон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нозимжон Эргашев ва бошқалар ҳам тўпланганларни ўқув йилининг якунланиши муносабати билан қизғин қутлаб, самимий тилаклар билдирдилар. “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” қўшиғи садолари остида сўнгги қўнғироқ янгради.

– Ўқув йили якунланишига бағишланган тадбир ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтди. – дейди мактаб директори Б. Абдурасулов. – Айниқса, битирувчиларимизнинг кайфияти чоғ бўлди. Президентимизнинг уларга йўллаган табриги ҳаммамизда катта таассурот қолдирди. Мамлакатимизда ёшларнинг таълим-тарбиясига берилаётган улкан эътибор барчани мамнун этди. Бу йил бизда ўн биринчи синфни 67 йигит-қиз тамомламоқда. Уларнинг деярли ярми олий ўқув юртларига ўқишга кириб, юқори малакали мутахассислар бўлиб етишиш ниятида.

Шу ўринда Наманган вилоятидаги барча умумтаълим мактабларида ўқув йили якунланишига бағишланган тадбирлар кўтаринки руҳда ўтганлигини қайд этиш лозим. Ҳамма жойда давлат раҳбарининг битирувчиларга      йўллаган табрикномаси ўқиб эшиттирилди. Ўтказилган тантанали маросимларда бу йил вилоят бўйича 36564 нафар ўқувчи мактабларни  битириб, мустақил ҳаётга қадам қўяётганликлари таъкидланди.

Ўзбекистон Адолат СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+