Сотилган билетларга чегирмалар нимага керак ёки темир йўл чипталарига “чегирмалар” кўз бўямачилик учунми?

21.12.2023 18:12:32

Юртимизда байрам шукуҳи кеза бошлади дегунча, худди мавсумий касалликлар сингари айнан байрам олди қўзғоладиган муаммолар яна ўзининг авж нуқтасига чиқади....Тарки одат, бу йилги Янги йил байрами олдидан ҳам пойтахтда таълим олувчи талабаларнинг кўпчилигини бир савол қийнамоқда: “Ўзбекистон темир йўллари” эълон қилган чегирмали чипталар қаерда? Маълумки, жорий йилнинг 12 декабрь куни “Ўзбекистон темир йўллари”АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, расман талабаларга поезд чипталари учун 50 % лик чегирма бериш эълон қилинди. Унда қайд этилишича, 25 декабрь санасидан 7 январь кунига қадар барча маҳаллий йўналишдаги йўловчи поездларнинг чипталарига талабалар учун 50 фоиз чегирма амал қилади.

Юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоезди учун чегирмалар мавжуд эмаслиги борасидаги эътирозлар изоҳсиз ва ҳақли саволлар эса ҳалигача жавобсиз қолмоқда...

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг жорий йил 10 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-329-сон Қарори қабул қилинди. Ушбу Қарорда темир йўл транспорти соҳасини босқичма-босқич ислоҳ қилишнинг устувор вазифалари аниқ белгилаб берилди. Аҳолига темир йўл хизматидан фойдаланишда кўрсатилаётган хизматларнинг узлуксизлиги, сифатлилиги, хавфсизлиги, барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлаш вазифалари шулар жумласидандир. Қарор ижросини таъминлаш “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ зиммасига тўлиқ юклатилди. Қарорда илгари сурилган муҳим вазифалардан бири, аҳолига темир йўл чипталари етказиб беришнинг узлуксизлигини ҳам назарда тутади.

Бироқ, бугун “Uztrailways” сайтига кириб, қаҳратонда уйга эсон-омон етиб олиш учун чипта изловчи талабаларнинг аксар қисми эълон қилинган чегирма тугул, чипталарни асл нархида сотиб олишдан ҳам аллақачон умидини узиб бўлишган. Сабаби, 25 декабрдан бошлаб, белгиланган чегирмали чипталар аллақачон кассаларда сотиб бўлинган. Кўплаб вилоятларга борадиган маҳаллий йўналишдаги поездларга чипталар сайт маълумотига кўра фақат 31 декабрь кунигина мавжудлигини кўриш мумкин. Ушбу ҳолатда бир неча жиҳатлар борки, ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.

Юртимиздаги аксарият давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларида ўқишлар 22 декабрдан якунланади, бирор бир талаба йўқки, ўқиш ўз ниҳоясига етганидан кейин 10 кун ўтиб, уйига қайтишни истаса. Поездларга чипта қолмаган, автобусларга чипта қолмаган, уй соғинчи қалбини ўртаган бир вақтда талаба ноиложликдан йўлкира нархини сунъий равишда каррасига кўтариб олган айрим ноинсоф таксистлар хизматига мурожаат қилишга мажбур. Энг ачинарлиси шуки, “Арзон чипталар” ўйини анъанага мувофиқ бу йил ҳам сотиб бўлинган чипталар ҳисобига эълон қилинди. Пичоқ эса бориб суякка тақалди. Мавжуд вазиятни ҳисобга олган холда эълон қилинган қўшимча вагонлар ажратилиши тўғрисидаги миш-мишлар эса энди ҳеч кимни ишонтира олаётгани йўқ. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ талабаларга шунчалик меҳрибон экан, унда нега уларга алоҳида вагонлар ажратмайди ёки талабаларга янги йилда чегирма билан чипталар харид қилиш учун йил давомида имконият яратмайди?», — деган савол ҳам кўпчиликни ўйлантираётгани ҳам бор гап.

Ўзим ҳам ушбу муаммоларга дуч келиб турган талаба сифатида мавжуд муаммоларга ечим чегирма асосидаги билетларни тўғридан-тўғри талабаларнинг қўлига тушишининг бирдан бир йўли бу университетлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш деб ҳисоблайман. Агарда талаба тўғридан тўғри деканатга бориб чипталар бор-йўқлиги ёхуд уларни қандай қилиб чегирма билан харид қилиши ҳақида маълумот ололса бу уларга яратилган энг катта енгиллик бўларди.

Азизбек Абдиев,

талаба.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+