Туғуруқхонада саккиз соатлаб чироқ ўчмоқда

22.12.2020 12:12:48

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфурат Хушвақтова одамларнинг дарду – ташвишларини  ўрганиш, енгиллатиш   мақсадида Миришкор туманидаги “Жейнов” қишлоқ участка шифохонасида бўлди. Тиббиёт ходимлари, беморлар билан мулоқот жараёнида шу нарса аён бўлдики, касалхонада қиш мавсуми бошлангандан буён электр таъминотида ҳар куни  саккиз соатлаб асоссиз равишда  узилишлар бўлаётир.   Бу эса айниқса,    шифохонанинг  туғуруқхона бўлимида янги дунёга келган чақалоқларнинг тез-тез шамоллаб қолишига  ва оналар  учун жиддий муаммо туғдираяпти.  Ушбу  ҳолатни ўрганган депутат Махфурат Ҳушвақтова  камчиликни бартараф этиш учун  туман ҳокими Шерали Санаев ва туман электр тармоқлари корхонаси масъулларини ишга жалб этди. Участка шифохонасида электр энергияси таъминотидаги узилишларга барҳам берилди. Партиядошимиз саъй-ҳаракати билан  етти километр масофага бетон устунлар ўрнатиш бошлаб юборилди.

Депутат Муборак туманидаги Қарлиқ қишлоғи аҳолиси билан мулоқотга киришганида, одамлар республикада ягона Муборак газни қайта ишлаш заводи ёнгинасидаги  ўз ҳудудларида табиий газ йўқлиги, “Зарбулоқ” МФЙ фуқаролари эса электр энергияси мунтазам берилмаётганидан шикоят қилишди. Партиядошимизнинг тегишли ташкилотлар билан ўз вақтида боғлангани туфайли юқоридаги муаммолар вилоят ва республика миқёсида ўз ечимини топадиган  бўлди.

Шунингдек, депутат Абдуғани Умиров  Қарши туманидаги “Дашт” ҚФЙ ҳудудида жойлашган оилавий поликлиникада бўлиб, фуқароларга тиббий хизмат кўрсатишнинг аҳволи билан танишди. Бу ерда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари ва даволанувчилар асосан  хоналарни иситиш муаммо бўлаётганлигидан шикоят қилишди. Айни пайтда депутат бу жумбоқни ҳал этиш, қишлоқ одамларига етарли шароит яратиш мақсадида мутасадди идоралар билан чора-тадбирлар кўрмоқда.

                                                                                                         Нодир ИСОМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё

 вилоят Кенгаши масъул ходими

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+