Спорт мусобақасида партиямиз аъзоси фахрли ўринни эгаллади

26.02.2022 20:02:34

Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, аёллар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмалар яратилган. Қумқўрғон туманидаги Халқ таълимида ҳам бу йўналишдаги ишларнинг тарғиботи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябридаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида ҳар йили ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш ва уларнинг ишдан бўш вақтларини унумли ўтказиш мақсадида спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.

Хусусан, Қумқўрғон туман спорт мажмуасида спортнинг югуриш, теннис, стол тенниси, дартс, волейбол ва баскетбол турлари бўйича туман Халқ таълими бўлими томонидан «Мудир кубоги» спорт мусобақаси бўлиб ўтди. Анъанага айланган ушбу мусобақада таълим тизимида меҳнат қилаётган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган хотин-қизлар, ишчи-ходимлардан ташкил топган ҳудудий жамоалар иштирок этишди.

Тадбир аввалида сўзга чиққанлар инсон ҳаётида спортнинг аҳамияти ва роли қанчалик муҳим эканлиги, инсонлар спорт билан шуғулланиш орқали турли касалликларга қарши кучли иммунитет тизими пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш самарали натижа бериши ҳақида тадбир иштирокчиларига тушунчалар беришди.

Шундан сўнг мусобақага старт берилиб, ҳудудий жамоалар қатнашиб ўз иқтидор ва кучларини синадилар. Мазкур спорт мусобақаларида тизимда хизмат қилаётган хотин-қизлар ва ишчи ходимлар иштирок этишиб, спортнинг шашка, дартс ҳамда стол тенниси каби турларида ўзаро беллашишди. Қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлган курашларда аёллар ўзларини нафақат жисмоний, балки ақлий жиҳатдан ҳам фаолликларини намойиш этиб боришди. Спортнинг югуриш, баскетбол, гимнастика ва волейбол турлари бўйича ўтказилган мусобақада партиямиз аъзолари ҳам фаол иштирок этишди.

Қувонарлиси, спортнинг дартс тури бўйича ўтказилган баҳсларда фаол қатнашган партиядошимиз, тумандаги «Фаол адолатли аёллар клуби» аъзоси Мавлуда Худойбердиева фахрли 2 ўринни эгаллаб 1 миллион сўм пул мукофоти ҳамда Фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

- Ҳа, бу йилги ўйинлар жуда қизиқарли кечди,-дейди партия фаоли М.Худойбердиева.- Айтиш мумкинки, ушбу мусобақаларда ёшидан қатъий назар барча иштирокчилар бир тану бир жон бўлиб беллашишди. Иштирокчиларнинг ўзаро ҳурмат ва бир-бирларини қўллаб-қувватлаган ҳолда юқори кайфиятда ўз маҳоратларини кўрсата олишлари эса аёлларимизнинг нафосати ва лобарлигини намоён этди.

Мусобақалар якунида ғолибларга қимматбаҳо ва эсдалик совғалари топширилди.

Назокат Хидирова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши «Аёллар қаноти»  раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+