Суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммоларга адолатли ечим

16.04.2021 16:04:15

Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатининг ортиб боришида ва юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора юксалишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу жараёнда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият бўлган, қонун устуворлигини таъминлайдиган жамият асослари янада мустаҳкамланмоқда.

Президентимиз томонидан суд-ҳуқуқ борасида белгиланган стратегик мақсадлар ва унга эришиш бўйича аниқ ишлаб чиқилган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши муваффақиятлар асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Судья лавозимида бўлишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддати ва шундан сўнг муддатсиз даври белгиланди. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бундай ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши орқали суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга, суд тизимида етук ва профессионал судьялик корпусининг шаклланишига, суд ҳокимиятини бошка ҳокимият органлари таъсиридан ҳоли бўлишига эришилмоқда.

Суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўзининг сайловолди дастурида аниқ вазифаларни белгилаб олди.

Президент Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6034-сонли Фармони мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини оширишни суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгилаб берди.

Юқоридагилардан шу нарса аёнки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, энг аввало, судлар зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, суд-ҳуқуқ тизимида жорий этилаётган янгиланиш ва ўзгаришларнинг муваффақиятли амалга оширилиши, одил судлов сифати ва самарадорлигини таъминлаш, одамларнинг ишончини қозониш, бир сўз билан айтганда, судьяларнинг салоҳияти, билими ва уларнинг зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этишига кўп жиҳатдан боғлиқдир.

 

Шарипа ТОРЕШОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бош мутахассиси,

партия “Аёллар қаноти” фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+