Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари – фуқаролик жамиятининг асоси

25.03.2021 19:03:01

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Жарқўрғон туман Кенгаши ва Адлия бўлими, Жиноят ишлари бўйича туманлараро суди билан ҳамкорликда туман тиббиёт бирлашмасида “Суд-ҳуқуқ ислоҳатлари янги босқичда” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбатида Ўзбекистон «Адолат» СДП  Жарқўрғон туман Кенгашлари ходимлари, депутатлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, БПТ аъзолари ва тиббиёт ходимлари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Жарқўрғон туман Кенгаши раиси Очил Жиянов  очиб, тадбирдан кўзланган асосий мақсад ва ғоялар хусусида иштирокчиларни таништириб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси юзасидан суд ҳокимиятининг чинакам мус­тақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, одил судловнинг сифати ва шаффофлигини ошириш борасида олиб борилаётган устувор ислоҳотлар ҳақида гапириб ўтишди

Айтиш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, энг аввало, жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, шунингдек, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосига қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принциплар пойдевор қилиб қўйилган.

Судларнинг чинакам мус­тақиллигини таъминлаш энг устувор вазифа бўлиб, айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо барҳам берилиб, суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарлик кучайтирилганлигини қайд этиш лозим.

Шунингдек, ўтган даврда хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш, уларнинг сиёсий ҳуқуқларини кафолатлаш, опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга оид бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни кафолатлайди. Хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланишини кафолатлайди. Давлатимизда ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, фуқароларнинг меҳнат қилиш, муносиб турмуш кечиришлари учун даромад манбаига эга бўлишлари билан боғлиқ ҳуқуқлари таъминланиб келинаётганлиги эътирофга лойиқдир.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар шу хусусда  батафсил маълумотлар бериб ўтиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини баён этишди.

Ўткир Арипов, Жарқўрғон туман Адлия бўлими бошлиғи, тадбир иштирокчиси:

- Судловнинг одиллигини таъминловчи ҳуқуқий майдон – умуминсоний қадриятлар ва умумэътироф этилган ҳуқуқ андозаларига асосланган, шаклан ва моҳиятан янги қонунлар қабул қилинмоқда. Уларнинг асосига қонунийлик, демократизм, одиллик, инсонпарварлик, жиноий қилмиш учун жавобгарликнинг муқаррарлиги каби одилона принциплар қўйилган. Судларнинг прокуратурадан мустақил, эркин фаолият олиб боришини таъминлаш борасида қўйилган дастлабки қадамлар ўз натижасини бераётганини  оқланган шахслар мисолида ҳам кўриш мумкин. Конституциявий-ҳуқуқий соҳада давлат тузилмалари фаолияти натижаларини баҳолашнинг яна бир муҳим шарти, жамиятдаги ҳуқуқий онг, юридик маданият даражасидир. Яъни, соҳада амалга оширилаётган ижобий ишларнинг натижаси ҳуқуқий онгнинг мавжуд даражасидан келиб чиққан ҳолда баҳоланади. Тадбир давомида иштирокчилар томонидан шу хусусда ўзаро фикрлар алмашилди.

Тадбир сўнггида қатнашувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича мутахассислар томонидан тегишли жавоблар олишди.

 

Фахриддин ОРИФХОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+