Судлар мустақиллиги мамлакатда адолат таъминланганлигининг белгисидир

09.12.2022 10:12:54

Ўзбекистон “Адолат” СДП  вилоят Кенгаши ва Фуқаролик ишлари бўйича  Қашқадарё вилоят суди томонидан Қарши шаҳридаги Каманди МФЙ да   “Суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш - энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарур” мавзуида соҳа мутахассисларини жалб этган холда тадбир бўлиб ўтди. Унда партия фаоллари, судъялар, ёшлар ҳамда хотин-қизлар ташкилотлари ходимлари ва шаҳардаги 10дан ортиқ МФЙ лар аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган. Бунинг учун энг аввало ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий онгини ошириш керак. Ундан кейин эса юртдошларимизнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳам катта аҳамиятга эга. Бугун бўлиб ўтган тадбирда ана шулар хусусида батафсил фикр-мулоҳаза юритилди. 

 – Маълумки, мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз бошчилигида судлар мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида катта ишлар олиб борилаяпти, -деди тадбирда Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судъяси Музаффар Раупов.-Шундай экан суд идорасини ҳақиқий адолат қўрғонига айлантириш учун кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаяпти. Хусусан, суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини такомиллаштириш орқали фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар судлар негизида умумий юрисдикация судларини ташкил этиш, адвокатларнинг мақомини янада кўтариш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни кенгайтириш борасида тизимли ишлар давом этмоқда. Қолаверса, бу борада амалда кузатилган турли ҳолатлар юзасидан таклифлар бериб бормоқдамиз. Муҳими, аҳоли ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишда адолат устуворлигини таъминлашдир.

Тадбирда ҳуқуқшунослар, депутатлар маърузалари ҳам тингланди.  Хусусан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Қўйли Нарзуллаев ўз маърузасида даставвал Қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. У ҳар қандай давлат ва жамиятда фуқаролар қонунларга тўла риоя этсалар турли жиноятларнинг олди олинади. Шунингдек, нотиқ, қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги асосий вазифалар ҳақида тўхталиб, аввало суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш – энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарурлигини  таъкидлади. Шунингдек, суд остонасига бирор муаммо билан  қадам қўйган ҳар бир инсон мамлакатимизда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши лозимлигини  алоҳида айтиб ўтди.

Тадбир давомида фуқаролар  ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Мавзу доирасида судъялар  ўз иш фаолияти давомида кузатган кўплаб мисолларни келтириб,фуқароларга кредит ажратиш, хокимият бошқарув идораларига мурожаатлар асоссиз равишда кечиктириб кўрилаётганлиги ёки одамлар мурожаатига эътиборсизлик билан қаралаётгани,  алимент тўловчилар сони кескин ошиб бораётгани, уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар, давлат томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитларни тўлаш жараёнида фуқароларнинг масъулиятини ошириш, кафил бўлаётган шахснинг мажбуриятлари, қариндошлар ўртасидаги турли низолар ва бошқа масалалар юзасидан тўхталиб ўтди.

Савол-жавоб асосида ўтган тадбирда   иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан атрофлича жавоб олишди.

Акмал Хаитов,

“Адолат” СДП Қарши шаҳар Кенгаши раиси.

            

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+