Судья сўз сўрайди Ижтимоий давлатда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари  таъминланади

07.07.2022 14:07:11

 

Бугунги  таҳликали, нотинч  замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият она Ватанимиз тақдирига янада улкан масъулият билан ёндашиб, кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда. Инсоният илмий-технологик даврга қадам қўйди. Жаҳонда кескин трансформация жараёнлари ва рақобат кучаймоқда. Эртанги кунини ўйлаган халқлар ва давлатлар ўз келажаги ҳақида бугун ҳар қачонгидан ҳам жиддий бош қотирмоқда.

Чинакам халқ мафкурасини, миллатнинг энг муқаддас орзу-интилишларини фақат унинг Бош ҳужжати – Конституциясида тўлиқ ифода этиш мумкин. Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман юртимиз ва Халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим.

Биз Конституцияни такомиллаштириш бўйича янги ва жуда масъулиятли босқичга қадам қўймоқдамиз. Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг қамровли ислоҳотларни бошладик. Энг муҳими,  бутун жамиятимиз қайта уйғонди, одамларимиз янгича фикрлаш, ишлаш ва яшашга интилмоқда.Бугун мана шу демократик янгиланиш жараёнларига янгича руҳ ва шиддат бериш, ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш зарурлигини барчамиз яхши англаб турибмиз.

Ўзбекистон  Республикасининг амалдаги  Конституцияси 20-моддасида “Фуқаро ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт” деб ёзиб қўйилган.

Дарҳақиқат, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонун билан ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек жамоат хавфсизлигини ва тартибини таъминлаш учун зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.

Янги қабул қилиниши мўлжалланаётган Конституциямизда илгари амал қилиб келган «давлат – жамият – инсон» тамойилини «инсон – жамият – давлат» деб ўзгартириш, уни миллий қонунчилигимиз ва ҳуқуқий амалиётимизда мустаҳкамлаш зарурлиги белгиланган.  Конституциямиз нормаларини ҳаётга тўла татбиқ этиш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида “Қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш” - 14-мақсад сифатида кўрсатилган. Унга кўра фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклаш билан боғлиқ чораларни қўллашда қонунийликни сўзсиз таъминлаш вазифаси белгиланган. Конституциямизнинг 20-моддаси биринчи қисмида “давлат ва жамиятнинг” сўзлари “жамият ҳамда давлатнинг” сўзларига ўзгартирилмоқда ва фуқаро ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шартлиги белгиланмоқда. 20-моддага киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, биринчидан, «инсон – жамият – давлат» тамойилини амалга оширган ҳолда, ҳар бир инсоннинг жамиятда ўсиши ва унинг олдида мажбуриятлари борлиги тўғрисида бўлса; иккинчидан эса, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини муайян шароитларда чеклаш мумкинлиги тўғрисидадир.

Жамиятда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш мақсадларига бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилмасдан туриб эришиб бўлмайди. Шу сабабли чекловлар, яъни инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекланиши,  фақат қонун билан ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек жамоат хавфсизлигини ва тартибини таъминлаш учун зарур бўлган доирада бўлиши мумкин. Мазкур нормани Конституциямизда акс эттирилиши фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим  аҳамиятга эга.

Хусусан, Конституциямизнинг 20-моддасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгиланган қоидаларга ҳамоҳангдир. Уларга кўра “ҳар бир инсоннинг жамият олдида мажбуриятлари бор, чунки айнан шу жамиятда унинг шахси эркин ва ҳар томонлама камол топиши мумкин”.

“Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур. Яъни, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак.

Амалга оширилаётган барча ислоҳотларимиз марказида инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ғоя мужассам. Дарҳақиқат, инсон муносиб шароитда таълим-тарбия олиб, фаровон ҳаёт кечирган тақдирдагина, жамият ва давлат уйғунликда барқарор ривожланади. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда жаҳон миқёсида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, ушбу тушунчалар билан боғлиқ рейтинг ва стандартларга биринчи даражали аҳамият берилмоқда.

Инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим. Биз барпо этаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати, ҳамма нарсадан устундир!

Шу боис, инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт.

Янги   Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари  қадри ҳар қанча улуғланса арзийди. Бунинг учун кенг қамровли ишлар олиб бориляпти.

                                                                Музаффар Раупов,

                                                    Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди судьяси.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+