Судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат бўлиши керак

11.05.2021 21:05:51

Мамлакатимизда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича изчил ишлар амалга ошириб келинаяпти. Айниқса, бу борада Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони муҳим қадам бўлди.

Дарвоқе, илгари суд тизимига етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш ва лавозимга тайинлаш ҳамда судьялар фаолиятини холис баҳолаш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмаганлиги бу борадаги ишлар шаффофлигининг етарлича таъминланмай қолишига сабаб бўлмоқда эди.

Шу туфайли ҳам  бугун суд ҳокимияти тизимида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш  таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини самарали йўлга қўйиш зарур. Президентимиз  судьялар билан учрашувида ҳам судлар фаолиятидаги бугунги аҳвол, одил судловни рўёбга чиқаришда тўсиқ бўлаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари    хусусида алоҳида тўхталган эдилар.

 Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари эътироф этганларидек, судья ҳар бир суд ишини адолатли  кўриб чиқиши  керак. Ҳар бир қарорни юрак, виждонини ўртага қўйиб чиқариши лозим. Судья ҳар бир ҳукм, қарор чиқаргандан кейин, албатта, у нима учун бундай қарорга келганлигини тушунтириш орқали адолатли ҳукм, қарор қабул қилинганлигини халққа етказиши шарт. Президентимиз томонидан ҳар бир чоракка мўлжалланган график асосида судьяларнинг халқ билан мулоқот ўрнатишга қаратилган аниқ тадбирлар амалга ошириши шартлиги белгилаб берилди. Бу борада судьялар мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратишлари лозим.  Эндиликда судларнинг тарбиявий-профилактик ролини ошириш учун маҳаллаларда, иш ва хизмат жойларида, таълим муассасаларида сайёр суд мажлислари ўтказиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик холатларини  муҳокама қилиш тажрибасини кенг йўлга қўямиз. Сайёр суд мажлисларини ўтказишда ҳуқуқбузарлик ёки низо кўп учраётган ҳудудларни қамраб олиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Президентимизнинг маърузасида билдирилган фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, юксак ишончни тўла оқлашга, халқимиз кутаётган адолатли, асосли ва қонуний қарорларни қабул қилишга бутун билим, тажриба ва ғайрат-шижоатимизни бағишлашимиз шарт.

Судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган: судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш, судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш зарур.

Судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш; судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш каби устувор вазифалар белгиланди.

Биз шу кеча-кундузда Президентимиз фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун ишларни олиб бораяпмиз. Халқимизнинг одил судловга  ишончини ошириш учун барча чора-тадбирларни кўраяпмиз. Ҳар бир суд мажлисида адолатли қарор чиқаришни  фаолиятимиз мезонига айлантирганмиз.

Музаффар РАУПОВ,

Саттор АКАНОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди судьялари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+