Таҳлил кўзгуси: Депутатлик корпусларининг фаолияти қониқарлими?

09.05.2021 13:05:19

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Андижон вилоят Кенгашининг навбатдаги  V пленуми бўлиб ўтди. Унда вилоят кенгаши  ходимлари, ҳудудий кенгашларнинг раислари ва маҳаллий кенгаш  депутатлари қатнашдилар.

Ўтган 2020 йилда  андижонлик “адолатчилар” қандай натижаларга эришди? Депутатлик корпусларининг фаолияти қониқарлими? Белгиланган устувор вазифалар қай даражада бажарилди. Пленум олдига айни шу саволлар қўйилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб партия кенгашлари ва депутатлик корпуси томонидан 2020 йилда  амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар баробарида йўл қўйилган камчиликлар танқидий руҳда кўриб чиқилди.  Амалдаги йилда олдинда турган  устувор мақсад-вазифалар, партия фаолиятини янада жонлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ва депутатлар фаолияти билан боғлиқ  бошқа масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бизнинг кучимиз, сиёсий майдондаги ўрнимиз, албатта, партиямиз сафининг қанчалик кенгайиб бориши билан боғлиқ. Ҳисобот даврида вилоятда аъзолар сони 5586 нафарга, БПТлари 21 тага кўпайди. Бу ўз ўзидан андижонлик “адолатчилар” катта кучга айланаётганини кўрсатади.

Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, қабул қилинаётган қонунлар муҳокамасида иштирокини таъминлаш, сиёсий билимларини ошириш, кам таъминланган оилаларга кўмак бериш, ёшларни ватанга садоқат руҳида тарбиялаш фаолиятнинг асосини ташкил этди. Бу борада жойларда учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда партиянинг 20 дан ортиқ лойиҳалари асосида тадбирлар ўтказилди. Сайловолди дастуримизда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва бажарилган ишлар жамоатчиликнинг ишончини  оширди.

Бутун дунё аҳлини ташвишга солган пандемия даврида асосий эътибор ижтимоий ҳимояга мухтож ахоли қатламига қаратилди. Соғломлаштириш, моддий ва маънавий кўмак бериш борасида қатор ташаббуслар билан чиқилди.

 «Бир ойда бир иш ўрни» лойиҳаси доирасида вақтинча ишсиз, ёрдамга муҳтож оилалардаги 238 нафар фуқаролар доимий иш ўрни билан таъминланди. 511 нафари мавсумий ишларга жалб этилди. 453 нафар ўз бизнес режаларига эга фуқароларга имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашилди.

 «Муаммо билан юзма-юз» лойиҳаси доирасида ташкил этилган ишчи гуруҳлари жами 598 та МФЙларни ўргандилар. Ушбу МФЙлардаги 5342 та хонадонларнинг муаммолари хамда 86 та хўжалик юритувчи субъект фаолияти атрофлича ўрганилди. Ўрганишлар давомида 2624 та мурожаатлар келиб тушди. Аҳоли томонидан билдирилган мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Муаммоли вазиятлар эса депутатлик сўровлари орқали тегишли ташкилотларга тақдим этилди.

2020 йилда маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан аҳоли муаммолари ўрганилиб,  маҳаллий Кенгаш сессияларига 11 та ва доимий комиссияларга 31 та масала киритилди. Мутасадди ташкилотларга 193 та депутатлик сўровлари юборилди. Ундан 152 таси ижобий хал этилди. Бироқ 27 тасига юзаки жавоблар олинган бўлса, 14 тасига жавоб хати ҳам келмаган.

Юқоридаги рақамлар халқ вакилларининг фаолиятини қониқарли, деб баҳолашга асос бўла олмайди. Чунки бу жуда оз. Ҳар бир соҳада депутат назоратини ўрнатиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича кўрсатма барилаётган бир вақтда жойлардаги мавжуд муаммоларнинг ечимини топишда халқ вакиллари янада фаол бўлиши лозим.

Насибахон Тўйчиева, халқ депутатлари Андижон вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

-Чиндан ҳам бугун сайловчилар ўз вакилларидан катта  ишларни кутмоқда. Аслида беғамликка, тамошабин бўлиб туришга сира ҳаққимиз йўқ. Ҳудудлардаги муаммоларнинг ечимини топишда биз депутатлар фаол бўлишимиз лозим.

Пленум ишида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, партиявий фаолиятда йўл қўйилган камчиликлар, фойдаланилмаган имкониятлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Келгусидаги вазифалар белгиланди. Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Акбаржон НАЗАРОВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+