Таклифлар  юртимиз  равнақига  хизмат қилади

14.06.2022 12:06:35

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда мамлакатимиздаги сиёсий ислоҳотларда  аҳолининг фаоллигини ошириш, жойларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштиришга бағишлаб, аҳолини кенг қатламини жалб этган ҳолда тадбирлар, давра суҳбатлари  ўтказилиб, иштирокчилардан  таклифлар олиниб, “Адолат” СДПнинг низоми ва Сайловолди Дастурларидан келиб чиққан ҳолда таклифлар бериб борилмоқда.

Жорий  йил 17 майда мамлакатимиз парламентида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ташаббусини илгари суришга қаратилган қўшма йиғилиш бўлиб ўтди. Бу билан аҳамияти жиҳатидан ниҳоятда муҳим сиёсий жараён бошланди. Шу кунларда юртимизнинг ҳар бир шаҳри ва туманида фуқаролар «Асосий қонунимиз қандай бўлиши керак?» деган саволга жавоблар изламоқдалар. Билдирилган фикр-мулоҳазалар эса Конституциявий комиссия томонидан умумлаштирилиб, таҳлилдан ўтказилмоқда. Эътиборли жиҳати – ҳар бир таклифда фуқароларнинг Ватан тараққиётига дахлдорлик ҳисси акс этаётганлигидир.

қарши1_2

Бугун  Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш учун фуқаролардан таклифлар йиғишга бағишланган  “Конституцияни такомиллаштириш давр талаби” мавзусида  Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё  вилоят Кенгаши томонидан тадбир ташкил этилди.  Қарши шаҳридаги  Юридик техникуми тадбиргоҳида  бўлиб  ўтган йиғилишда  партия фаоллари, «Ёш адолатчилар» қаноти аъзолари, зиёлилар, хотин-қизлар,  ўқув юртлари  профессор-ўқитувчилари ва талабалари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари  ходимлари қатнашди. Тадбирнинг  асосий мақсади - Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда мамлакатимиздаги сиёсий ислоҳотларда кенг жамоатчилик  фаоллигини ошириш, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар олиш эди.

Тадбирни  «Адолат» СДП Қашқадарё  вилоят Кенгаши раиси Руиддин  Раупов кириш сўзи билан очиб берди. Сўнгра тадбир иштирокчилари Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё  вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилрабо Чориеванинг «Конституцияни ислоҳ қилишнинг муҳим шартлари»  мавзусидаги маърузасини тингладилар.

   -Конституцияга бугунги кун талабларидан келиб чиқиб киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар айни вақтида  ўз аҳамиятига эгадир,-деди  Дилрабо Чориева,- Демак, мамлакатимизнинг Асосий қонунини янгилаш бўйича ташаббус ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Кенг жамоатчилик орқали билдирилаётган фикрларнинг аксарияти бугунги кунда асосий қомусимизда акс этиши керак бўлган моддаларни ташкил этмоқда. Айниқса, “Халқ ҳокимиятчилиги” деб номланган II боби. “Сиёсий ҳуқуқлар” деб номланган   VIII бобига киритилиши керак бўлган ўзгаришларга  фуқароларимиз бефарқ эмас.

«Конституциявий ислоҳотларда фуқароларнинг ўрни» ҳақида эса, партия фаоли ҳуқуқшунос Баҳоргул Намозова  маълумот бериб ўтди.

Шунингдек, тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Қўйли Нарзуллаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзоси Мадина Аллабердиева, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Ҳаққул Ишимовлар  кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар

Тадбир  якунида иштирокчилардан тушган  барча таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилиб,  Конституциявий комиссияга жўнатишга келишиб олинди.

                                                                  Дилрабо Темирова,

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати.

                                                                  Уюштирди: Комил Сахатов.

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+