Талабаларга ижара пули ҳақида камроқ, дарслар ҳақида кўпроқ ўйлаш имкони бериладиган бўлди.

15.04.2021 14:04:09

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.  Ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси асосий масала сифатида кўриб чиқилган мазкур йиғилишда Шавкат Мирзиёев ижарада яшаётган талабаларга 1 майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан  қоплаб берилишини ҳамда 2021 йилнинг биринчи чорагида 33 минг нафар ёшга тадбиркорлик фаолияти учун 800 миллиард сўм кредит ажратилганини маълум қилди. Мазкур йиғилишни кузата туриб талабалик даврим эсимга тушиб кетди. Вилоят марказидаги олийгоҳга олис туманлардан ёки бошқа вилоятлардан келиб тахсил оладиган талаба учун энг асосий муаммо бу яшаш учун жой топиш масаласи бўлар эди. Маълум бир ўринга мўлжалланган университет ётоқхонаси эса талабаларни етарли даражада қамраб ололмас эди. Тўғри Гулистон Давлат Университетининг талабалар турар жойи ўтган йиллар мобайнида замонавий қиёфа касб этиб, ўринлар сонини ҳам оширди. Лекин барибир талабанинг турар жойга бўлган эҳтиёжини таъминлай олмайди. Натижада олий ўқув юртига ўқишга кирган кунидан то битиргунига қадар талаба иложи борича арзонороқ, шароитлари яхши  ижара уй топиш муаммолари билан ўралашиб қолади.  Яъни ўқув машғулотларидан кўра турар жой топиш масаласи ўй-ҳаёлини банд қилиши айни ҳақиқат.  Ҳозир ҳам шундай. Олий ўқув юртида ўқитувчи сифатида дарс ўтар эканман, талабаларнинг дарсга кеч қолиши ёки қатнаша олмай қолишига асосий сабаблардан бири турар жой ёки ижара пули билан боғлиқ муаммоларга дуч келгани бўлади. Бу каби ҳаётий мисолларни талаба бўлган ҳар бир киши яхши тушунади. Шунингдек Президентимиз томонидан ректорларнинг ёшлар билан ишлашдаги фаолиятини танқид остига олингани Олий таълим тизими раҳбарларига катта маьсулият юклади, дейиш мумкин. Хусусан олийгоҳлар ён-атрофидаги маҳалла ёшлари билан ишлашда ректорларнинг ўрни умуман сезилмаётгани, ректорларнинг бу борадаги  таклифлари талаб даражасида эмаслиги, ректорларнинг ўз ҳудудида маҳаллагача тушиб, ёшлар тарбияси, уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ташаббус билдирмагани алоҳида таъкидланди. Шунингдек Президент ўз сўзида “Қайси ректор ётоқхонага бориб ёки бўш ётган маданият марказларида ёшлар билан учрашди, улар билан мулоқотни йўлга қўйди, мотивация бериш, ҳаётда ўз йўлини топиш ва маданий тадбирларни ташкил этди? Афсуски, бу саволга ижобий жавоб йўқ», дея ректорларнинг фаолиятига ўз муносабатини билдирди. Умид қиламизки, бу каби танқидий ёндашув ва фаолият таҳлилидан ҳар бир ректор тегишли хулоса олади. Энг муҳими талабанинг ётоқхона ёки ижара уйидаги яшаш тарзи ректорлар томонидан тўла назоратга олинишига эришиладиган бўлди. Чунки турар жойга эҳтиёжи бўлган ҳар бир талаба ижара пули ҳақида камроқ, дарслар ҳақида кўпроқ ўйлаши зарур. Шундагина олий таълимдан  ўз соҳасининг етук кадрлари етишиб чиқади.

Муҳаммад НИЁЗОВ,

Халқ депутатлари Гулистон туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+