Талабаларга номзоднинг сайловолди дастуридаги ғоялар етказилди

20.09.2021 16:09:08

“Адолат” социал-демократик партиясининг сайловолди тарғибот тадбирлари давом этмоқда. Навбатдаги тарғибот тадбири пойтахтимиздаги Тошкент педиатрия тиббиёт институтида “Янги Ўзбекистон учун ҳар биримиз масъулмиз” шиори остида ўтказилди. Партиянинг Юнусобод туман Кенгаши тарафидан ташкил этилган мазкур тадбирга кўплаб партия фаоллари, талабалар, профессор ўқитувчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлишди.

“Адолат” социал-демократик партияси мадҳияси билан бошланган тадбир аввалида сиёсий вакиллар йиғилганларни жорий йилги Президентлик сайлови, унинг ўтказилиши билан боғлиқ сиёсий тушунчалар билан таништирди. Жумладан, партиядан кўрсатилган номзоднинг ўз дастурида илгари сурган ғоя ва мақсадлари айтиб ўтилди. Чунончи, унда талабалар манфаатлари ҳам акс этганлиги, агар талаба контрактда ўқиб, дарсларни ўзлаштириши аъло даражада бўлса грантга, аксинча, грантда ўқиб туриб, ўзлаштириши паст бўлса, контрактга туширилиши ўз дастурида қатъий мақсад қилингани келтириб ўтилди. Бу билан олий таълим сифатини кўтариш асосий мажбуриятлар зиммасига киритилиши маълум қилинди.

Шунингдек, тадбирга таниқли маданият ходимлари, санъаткорлар ташриф буюриб иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади. Сиёсий партия вакиллари томонидан қатнашчилар сиёсий билимини ошириш мақсадида викторина савол-жавоблари ўтказилди. Фаол қатнашганларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

“Адолат” СДП

Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+