Талабаларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмалари оширилмоқда

29.03.2024 11:03:47

Айни кунларда, Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан тузилган Меморандумга асосан, партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши ҳамда шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан Олий таълим талабалари, умумтаълим ўрта мактабларининг юқори синф ўқувчилари орасида, Маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш ҳамда оилада зўравонликни олдини олишга қаратилган тадбир ва давра суҳбатлар қизғин паллага кириб бормоқда.
Хусусан, партиянинг Хоразм вилоят ҳамда Урганч шаҳар Кенгашлари ҳамкорлигида Урганч Давлат Педагогика институти «Педагогика» йўналишида «Хотин-қизларнинг сиёсий ва ҳуқуқий фаоллигини ошириш ва оилада зўравонликни олдини олиш устувор вазифамиз» мавзусида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир ҳам ушбу мақсадларга қаратилди.
Тадбирга партия фаоллари, депутатлар ҳамда мазкур таълим маскани ўқитувчи ва талабалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.


Тадбирни Урганч Давлат Педагогика институти хотин-қизлар масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси, партия фаоли — Нодира Янгибоева кириш сўзи билан очиб, тадбирнинг мақсади ҳамда «Адолат» СДПнинг халқимиз орасидаги нуфузи, партия томонидан амалга оширилаётган илғор ташаббуслар тўғрисида гапирди. Шундан сўнг, сўзга чиққан партия фаоллари томонидан Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ташаббуси билан ҳаётга самарали татбиқ этиб келинаётган — «Ватан келажаги ёшлар қўлида», «Саломатлик йўлида бирлашайлик!», «Тозалик йўлида бирлашайлик!», «Муаммо билан юзма-юз» каби 30 га яқин лойиҳалар ҳамюртларимизни ўз мақсади йўлида бирлаштираётганини бир қатор ҳаётий мисоллар билан қайд этишди.
Гулора Исмоилова, партиянинг вилоят Кенгаши бош мутахассиси:
– Партиянинг «Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори», «Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи» лойиҳалари доирасида олиб борилаётган чора-тадбирлар фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда хотин-қизларни зўравонликлардан асрашга хизмат қилмоқда.
Бўлиб ўтган тадбир давомида талабаларнинг сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлиги анча ортиб бораётгани кузатилди.
Зухра Жумабоева, талаба, тадбир иштирокчиси:
– Тадбир жуда ҳам савол-жавоблар, фикр ва мулоҳазалар асосида қизиқарли кечди. Айниқса, бу йил сайловлар йилида ўйлантирган саволларга жавоб олдик. Сиёсий ва ҳуқуқий билимларимиз қанча мустаҳкам бўлса, жамиятдаги тутган ўрнимиз ҳам шунча муносиб бўлишини англаб етдик. Фаолларнинг жонли ва ҳаётий фикр ва мулоҳазаларидан кейин, тадбирда қатнашган талабаларнинг кўпчилиги партияга аъзо бўлиш истагини билдиришди. Бир сўз билан айтганда, партия томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбирлар ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб, жамиятда ўз ўринларига эга бўлишида хизмат қилиши шубҳасиздир.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+