Талабчан раҳбар, меҳрибон устоз

17.05.2021 18:05:53

У ишга барвақт келишга одатланган. Ҳар куни эрталаб хонага кириб, кундалик вазифаларини белгилайди. Дастлаб ечими тўла топилмаган масалаларга эътибор қаратади. Кейин эса астойдил ишга киришади.  

Бугун ҳам шундай бўлди. Энг аввало, Поп туман кенгаши раиси Зафаржон Ҳасановга қўнғироқ қилди. Келгуси якшанбада ўтадиган оралиқ сайловга таёргарлик қандайлиги билан қизиқди. Номзоднинг кайфиятини, ғалабага ишончи қай даражада эканлигини суриштирди. Фаолларни ва партиямизга хайрихоҳларни тарғиботга сафарбар  қилишни тавсия берди. Қанча кўп сайловчи билан мулоқот қилинса, муваффақият эҳтимоли шунча ортади.

- Сизда бу борада тажриба бор,- деди Баҳодиржон поплик “адолат”чилар сардорига.- Ахир, охирги етти ойда икки номзодингиз депутат бўлиб сайланди-ку... Бу сафар ҳам ютуққа эришишимиз мумкин, бўш келманг.

Телефон орқали навбатдаги мулоқот Учқўрғон билан бўлди. Мазкур туманда сўнгги ойда партияга янги аъзо қабул қилиш сусайди. Тезда вазиятни ўзгартириш зарур. Акс ҳолда вилоят кўрсаткичи ҳам пасайиб кетади.

- Партиявий лойиҳалар бўйича ишларни кучайтиринг, Нигорахон,-деди Учқўрғон туман кенгаши раисига, - Мана, депутаталик гуруҳи сессияга масала киритди. Аъзолик бадаллари тушуми кўтарилибди, “Адолат” СДП нуфузини оширадиган тадбирларни кўпроқ қилиш керак. Депутатлар ҳам  ёрдам беришсин...

Шу орада хонага Наманган шаҳар партия кенгашининг раҳбари Мирзараҳмат Олимов кириб келди. У янги ходим, яқинда иш бошлади. Пленум ўтказиш бўйича йўл-йўриқ сўраб қилган экан. Бу мавзуда ҳам батафсил суҳбат бўлди. Янги раис ўзини қизиқтирган барча саволарга жавоблар олди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Болтабоевнинг ҳар бир куни ана шундай мазмунли ва қизиқарли ўтади. Мана беш йилдирки, у мазкур вазифада ишлаб келмоқда. Олдинроқ эса Наманган туман партия кенгашини бошқарган. Шунинг учун партиявий-ташкилий ишларининг икир-чиқирларини яхши билади. Қолаверса, вилоят ҳокимлигида, турли жамоат ташкилотларидаги фаолияти даврида ҳам одамлар билан ишлаш бўйича бой тажриба тўплаганлиги ишида жуда қўл келади.

- Баҳодир ака менга кўп нарса ўргатган, шунинг учун устоз сифатида жуда ҳурмат қиламан, - дейди вилоят кенгаши ижрочи котиби Акбаржон Мансуров. - Бир пайтлар ёшлар ташкилотида ишлаган эмасми, “Ёш адолатчилар” қаноти аъзоларининг беминнат маслаҳатгўйи саналади. Аксарият тадбирларимизга шахсан ўзи бош-қош бўлиб туради. Энг муҳими, доим ғайрат-шижоатга тўла, ишчанлик қобилияти жуда баланд. Шунинг учун барча ёшлар унга ҳавас қиладилар.

Албатта, биз ушбу мавзуга бежиз қўл урмадик. Чунки сафдошимиз Баҳодир Болтабоев бугун камолот ёшига етибди, яъни олтмишни қоралаб қўйибди. Норин туманининг  Норинкапа қишлоғида туғилиб-ўсган бу йигит кечагина ҳарбий хизматни ўтаб қайтган, институт  талабаси бўлгандай. Вақт югурик дарё, деганлари шу экан-да... Орадан шунча йил ўтиб кетибди.

- Ҳаётимни “Адолат” партияси билан боғлаганимга асло ачинмайман, дейди Баҳодир Болтабоев. - Жамоамиз ўта аҳил, ягона мақсад йўлида бирлашиб меҳнат қиламиз. Сафимизда ҳар қандай мураккаб вазифани уддалай оладиган салоҳиятли инсонлар кўп. Тақдир мени улар билан ишлаш шарафига муяссар этганлигидан миннатдорман.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+