Таълим-тарбия тизими юқори босқичга кўтарилади

02.11.2020 19:11:55

Куни кеча халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унинг қатнашчилари  Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳасини кўриб чиқиб, қатор таклифларни ўртага ташладилар. Мен ҳам педагог ва “Адолат” СДП вакили сифатида кун тартибидаги масала юзасидан мунозарани диққат билан тингладим. Сўзга чиқувчиларнинг фикр-мулоҳазаларидан ёш авлод тарбиясига ҳеч ким бефарқ эмаслиги яққол кўзга ташланди.

Айни пайтда юртимизда мазкур йўналишда изчил иш олиб борилаётганлигини қайд этиш лозим. Яқиндагина “Таълим тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда соҳа тараққиётига дахлдор барча масалалар қамраб олинганлиги диққатга сазовордир. Хусусан, таълим олишнинг масофавий, инклюзив шакллари жорий қилинди, таълим ташкилотларига хорижий муассасалар билан қўшма факультет ва ўқув марказлари ташкил этишга рухсат берилди. Ўқитувчилар муаллифлик дастури ва ўқитиш услубларини жорий этиш, замонавий педагогик шакллар, ўқитиш ва тарбия усулларини эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Тез орада қабул қилиниши кўзда тутилаётган Президент фармони ҳам соҳани тараққий эттиришда янги қадамга айланиши шубҳасиз. Мазкур ҳужжат лойиҳаси  халқ мухокамасига қўйилганиайни муддао бўлди, дейиш мумкин.  Очиқлик, ошкоралик асосида кўпчилик билан кенгашиб белгиланадиган вазифалар янада пухта ва долзарб бўлиши аниқ.

Бевосита Фармон лойиҳасига келсак, унда давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини камайтирмаган ҳолда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги навбатлилик коэффициенти паст бўлган умумтаълим муассасаларини тажриба-синов тариқасида хусусий сектор вакилларига 5 йилга ишончли бошқарувга бериш таклиф этилмоқда. Мен бу амалиётни бошқа минтақаларда ҳам қўллаш зарар келтирмайди, деб ўйлайман. Яна бир масала – берилаётган муддат ҳақида. Беш йил унчалик кўп эмас, шунинг учун саккиз ёки ўн йил қилиб белгилаш яхши бўларди. Шунда ишончли бошқарувни амалга оширадиган жисмоний ёки юридик шахс фаолиятини кенгроқ миқёсда олиб боришига имкон яратилади.

Бугунги кунда мактабгача таълим соҳасида хусусий муассасалар сони кўпайиб бормоқда. Бизнингча, мактабларда ҳам бу тажрибадан мактабларда ҳам фойдаланиш керак. Сармоядорлар ўз маблағлари ҳисобидан билим масканларининг биноларини қуриб, у ерда таълим-тарбияни давлат стандартлари асосида ташкил этсалар, бунинг нимаси ёмон?

Яқинда бўлиб ўтган халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашининг сессиясида Фармон лойиҳаси муҳокама қилинди. Шунда мазкур ҳужжатга 170 дан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилганлиги эътироф этилди. Демак, жамоатчилик, қолаверса, юртдошларимиз му масала тўғрисида астойдил қайғурмоқда, таълим-тарбия ишларининг янада юқори даражага кўтаришдан барча манфаатдор. Бундан албатта, қониқиш ҳосил қилиш мумкин.

                                                                           Гулчеҳра УСМОНОВА,

Халқ депутатлари

Янгиқўрғон туман

кенгашининг депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+