Таълим тизимини ривожлантириш – барқарор келажагимиз гаровидир

21.02.2024 13:02:23

Таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар таълим-тарбия даражасини ривожлантириш билан бирга, фарзандларимизнинг сифатли ва мазмунли билим олишларига шароит яратмоқда. Кейинги даврда қабул қилинган қатор ҳужжатларнинг ижроси боис таълим сифати ва самарадорлигига эришиш борасида ижобий натижалар қўлга киритилмоқда. Буни нафақат таълим соҳаси вакиллари, балки бошқа соҳа вакиллари ҳам ҳис этиб турибди. Шу билан бирга, ўз ечимини кутаётган, зудлик билан бартараф этилиши лозим бўлган муаммолар ҳам топилади. Бинобарин, жуда катта маблағ талаб этилса-да ривожланган мамлакатларнинг замонавий инновацион технологияларини юртимиз амалиётига жорий этишдек муҳим вазифаларни ҳал этиш даркор.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масалада ўз ечимини кутаётган масалалар муҳокама қилинганди.
Президентимиз йиғилишда таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида фикр юритар экан, барча мактабгача таълим муассасаларини миллий қадриятларимизга мос ўқув-методик материаллар билан таъминлаш, овқат таъминоти, давомат, бадал пули каби жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш, лойиҳа офиси Таълимни ривожлантириш илмий-методик маркази билан биргаликда мактабларда математика, физика, кимё, биология ва хорижий тиллар бўйича ўқув режа ва дастурларини халқаро стандартлар асосида янгиланиши, ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолашда халқаро тажрибалар (PISA, TIMSS, PIRLS) босқичма-босқич жорий этилиш таъкидланди.
Шунингдек, Президент мактаблари таълим дастури яна мингта мактабда қўлланилиши, 50 та касб-ҳунар рўйхати тузилиб, улар бўйича ўқув ва амалиёт дастурлари ишлаб чиқилиши, мактабдаги бўш жойлар тадбиркорларга ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш учун текин фойдаланишга берилиши, мактаблардаги 2 мингта инспектор-психолог штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши, “Мактаб – ота-она – маҳалла” занжири асосида электрон мулоқот платформасини ишга туширилиши белгиланди.
Бундан ташқари, талаб юқори бўлган 100 та касб стандартлари Германия, Швейцария ва Буюк Британия тажрибаси асосида янгиланиши, техникумларда ҳам “кредит тизими” жорий қилиниб, фанни ўзлаштириш бўйича тўпланган “кредитлар” олийгоҳларда тан олинадиган тизим бўлиши эътироф этилди.
Мутасаддиларга хорижий тажриба асосида олийгоҳ, техникум ва коллежни бир-бирига боғлаш шартлари ва тартибини ишлаб чиқиш, олий таълим муассасаларига мақом беришнинг аниқ мезонларини белгилаш, бакалавр йўналишларини мақбуллаштириш, таълим дастурларини дунёдаги 300 та энг яхши олийгоҳ дастури асосида янгилаш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур йиғилишда белгилаб берган вазифаларининг ҳаётга изчил татбиқ этилиши фарзандларимизнинг сифатли ва мазмунли билим олишида кескин бурилиш ясаши шубҳасиз.
Шу ўринда айтишимиз мумкинки, илм – инсоннинг ягона нажот йўли. Албатта, бир қарашда бу баландпарвоз гапга ўхшайди. Лекин, ҳақиқатдан ҳам эътибор билан қарайдиган бўлсак, барча муаммоларнинг ечими, албатта, илм соҳибларига боғлиқ. Энг оддий жабҳалардан тортиб оламшумул ишларнинг ортида ҳам олим ва илм аҳлларининг буюк хизматлари ётади.

Жасур ҚАРШИЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+