Таълимдан ўзга нажот йўқ

21.12.2022 11:12:03

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатномаси кўпчилик томонидан интиқлик билан кутилди десам янглишмайман. Чунки унда янграйдиган гаплар, белгиланадиган вазифалар бутун халқимизга тааллуқли бўлишини барча бирдек ҳис эта олди. Соҳаларда яна янгиликлар, кишилар кўнглига хўш келувчи ислоҳотлар хабари дилларга қувонч бағишлади. Мурожаатнома билан бевосита танишган ҳар бир инсон ундан ўзига хос таассуротга эга бўлди, ўринли хулосалар чиқара олди. Айниқса эндигина ишини бошлаган халқ вакиллари ўз фаолиятлари учун зарур вазифаларни белгилаб олиш имкониятига эга бўлди. Шахсан мени қувонтирган жиҳати – Мурожаатномада Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси сайловолди дастуридаги устувор масалалар тилга олинди.

2023 йилга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили», деб ном берилишини ўзиёқ узоқни, порлоқ келажакни ўйлаб босилаётган қадам эканлиги ҳар биримизга аён. Албатта, таълим тизимига берилаётган эътиборни кўриб мамлакат келажагига бемалол баҳо бериш мумкин. Давлатимиз раҳбари томонидан қайд этилганидек “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир», дарҳақиқат, ушбу соҳа миллат эртасини ҳал қилади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний «Тарбия ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат ё фалокат масаласидур» дея бежиз таъкидламаганлар. Чунки, сифатли таълимсиз, етук кадрларсиз буюк келажакни тасаввур этиб бўлмайди.

Айниқса мурожаатномада ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш борасида белгиланган вазифалар биз адолатчиларга катта қувонч улашди. Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ҳам ўзининг электорати, кўп минг сонли аъзолари билан ҳамфикрликда халқнинг фикр ва мақсадлари рўёбини Конституциянинг нормаларида акс эттиришни мақсад қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси лойиҳасига таклифлар олиш жараёнида ўтказилган тадбирлар давомида амалдаги Конституциянинг 41-моддасига қўшимча равишда ўқитувчи мақоми тўғрисидаги бандни киритиш зарурлиги борасида кўплаб таклифларини билдирди. Хусусан, ўқитувчи-педагогларнинг ижтимоий-иқтисодий мавқейи, ижтимоий ҳимояси давлат муҳофазасида бўлиши, уларнинг шаъни, қадр-қимматини камситиш, соғлиғига путур етказиш ва касбий-педагогик фаолиятига асоссиз равишда аралашиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши, ўқитувчи-педагог ходимлар шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлишлари белгилаб қўйилиши муҳимлиги борасида кўп сонли электоратимиз томонидан билдирилган таклифлар амалиётга татбиқ этилиши албатта қувонарли. Бинобарин, ўқитувчиси қадр топган, фарзандлари маънавиятли, кексалари эъзозланган жамият эса, ҳақиқий маънодаги келажаги буюк демократик ҳуқуқий давлатнинг асоси бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимизда баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Мурожаатнома орқали ана шу ислоҳотлар янги босқига чиқарилди десам муболаға бўлмайди. «Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшдир» деган ибратли сўзлар азалдан бежизга айтилмаган. Фарзандларимизга ёшлигидан, кичик синфлигидан бошлаб она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириш, замонавий ахборот технологиялари билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш, уларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш ғоятда муҳим. Ижтимоий тармоқлар орқали Хитой мактабларида болаларнинг спорт билан шуғулланиш жараёнида жамоа бўлиб ишлаш, бир - бирини қўллаб-қувватлаш ҳақидаги видеосини кўриб таъсирланган эдим. Мактабларимизда, мактабгача таълим муассасаларда ҳам ана шундай муҳит яратиб уларнинг ёшлигидан бир - бирини қўллаб-қувватлаш, жамоа бўлиб ишлаш руҳини шакллантирсак бундай ёшларга ҳеч бир ғаразли куч ўз таъсирини ўтказа олмайди.

Мурожаатнома орқали давлатимиз раҳбари депутатларга жуда катта ишонч билдирди, зиммамиздаги масъулият залворини яна бир бор ҳис этдик. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиздан бири бўлишини қайд этиб ўтди. Албатта, биз адолатчилар куч ва имкониятларимизни таълим тизимидаги туб ўзгаришларни рўёбга чиқариш жараёнида фаол қатнашишга сафарбар этамиз.

Муҳиба Бабабекова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+