Таълимга эътибор – бу бизнинг келажагимиз

28.12.2022 06:12:46

Мамлакатимиз таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, унинг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш устувор вазифалардан биридир. Бу ҳақда Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномада ҳам алоҳида эътироф этилди.

Дарҳақиқат, таълим-тарбия – бу бизнинг истиқболимиз, ҳаётимиз манбаидир. Шу боис ҳам бу соҳадаги ислоҳотлар йил сайин чуқурлаштирилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан Мурожаатномада айтилганидек, янги ўқув йилидан эътиборан таълимга халқаро методларни қўллаш жорий этилади. Қанчалик қийин бўлса ҳам мактаб таълимида мустаҳкам пойдеворни бугундан бошлашимиз керак. Мактаб фаолиятига, таълимга ҳеч ким бефарқ бўлмаслиги зарур. Таълим жадидчи боболаримиз қайд этганидек, ҳаёт мамотимиз масаласидир.

Бугун Ўзбекистон «Адолат» СДП Шаҳрисабз туман Кенгаши томонидан Оқсарой МФЙда «Таълимда коррупцияга йўл бермаймиз!» мавзусида тадбир ташкил этилди. Унда ёшлар, партия фаоллари, депутатлар, ўқитувчилар, маънавият ходимлари қатнашди.

Тадбирда халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Дилрабо Темирова маъруза қилди.

-Хусусан, олий таълим муассасаларида ҳам коррупцияга қарши курашишнинг комплаенс назорат тизими йўлга қўйилди, - деди Дилрабо Темирова. - Бунинг учун 20 га яқин меъёрий ҳужжат қабул қилинди. Рақамли технологиялар имкониятидан кенг фойдаланган ҳолда, коррупция ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар жорий этилмоқда. Жумладан, талабаларнинг ўқишини кўчириш, тиклаш ва хориждан кўчириш жараёни очиқ ва шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида аризаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш махсус автоматлаштирилган онлайн дастур ёрдамида амалга оширилмоқда.

Серқуёш Ўзбекистон коррупцияга қарши курашда узоқ муддатли ижобий динамикани намойиш этувчи 16 та давлат қаторига киради. Коррупция ботқоғига ботган мамлакат ҳеч қачон тараққиётга эриша олмайди. Айниқса, таълимда бунга йўл қўйиш энг оғир жиноятдир. Таълим соҳасидаги ислоҳотлар сабаб, вазият тубдан ўзгарди. Бугун кимнинг билими, қобилияти, салоҳияти бўлса, ўша одам ўз билимини бойитяпти. Эндиликда таълимдаги коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишга астойдил киришилгани, энг муҳими таълимда коррупцияга йўл бермаслик, бу билан келажак авлодни соғлом муҳитда камолга етказиш каби масалалар хусусида мунозаралар қизғин кечди.

Тадбирда таълимда коррупцияга йўл бермаслик, жамоатчилик орасида тарғибот ишларини кучайтириш, Олий таълим муассасалари ва жойларда тарғибот ишларини амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Самандар Ихтиёров,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Шаҳрисабз туман Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+