Тараққиётга таҳдид солаётган муаммо

13.12.2022 11:12:27

Айни даврда янги Ўзбекистонда жамиятнинг ҳамма соҳаларида ривожланиш, янгиланиш ислоҳотлари амалга оширилмоқда. Мустақил мамлакатимизда узоқ келажакни кўзловчи, пухта ўйланган, элимизнинг бахту иқболини, фаровон турмуш тарзини юритишга қаратилган давлатчилик тизимлари ишлаб чиқилди ва шакллантирилмоқда. Ана шу эзгу ниятларни бекаму кўст бажарилишига бевосита тўсқинлик қилаётган иллатлар ҳам бор. Шубҳасиз, бу коррупциядир.

Бугунги  Ўзбекистон «Адолат» СДП Миришкор туман Кенгаши томонидан тумандаги маданият уйи тадбиргоҳида ташкил этилган «Ҳалоллик вакцинаси – тараққиёт гарови» мавзусида бўлиб ўтган тадбирда ҳам шулар хусусида сўз юритилди.

- Партиянинг «Коррупция - тараққиёт кушандаси» лойиҳаси доирасида аҳоли ўртасида коррупцияга қарши курашишни тарғиб қилиш мақсадида тарғибот ишларини кучайтириш зарур,-дейди халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Абдужаббор Кенжаев.- Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини, иқтисодий билимини ошириш, коррупцияга оид қабул қилинаётган қонун ва қарорлар ҳақида кенг тушунтиришлар бериш ҳамда аҳоли орасида коррупцияга қарши тоқатсизлик муҳитини шакллантириш устувор вазифалардан этиб белгиланиши керак.

-Шуни унутмаслик керакки, коррупция ҳар қандай давлатни ривожланишига, шунингдек, демократия ва қонун устуворлиги асосларига путур етказади, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлими бошлиғи Хуршид Қурбонов. - Тиббиётдами, таълимдами қайси соҳада бўлса ҳам коррупция авж олса инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади.Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўсқинлик қилиб жамият тараққиётини ортга суради. Энг ёмон томони, халқнинг адолатга бўлган ишончини сусайтиради. Ушбу иллат илдиз отса мамлакат ҳам миллат ҳам танламайди.

Тадбирда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари Назира Тўраева, Сарвиноз Абдуллаева ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, мамлакатимизда коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш учун «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши эса давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши куч ва имкониятларини бирлаштириб, яхлит тизимни яратиш имконини бергани юзасидан ўз фикр – мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбирда коррупция - жамият тараққиёти учун жуда хавфли жиноят бўлиб, у томонларнинг ўзаро келишувига биноан содир этилиши уқтирилди. Аксарият ҳолларда у тегишли назорат қилувчи органларга шикоят берилишига сабаб бўлмайди. Коррупция ҳаракатлари одатда мутахассис бўлмаган кишилар тушуниши анча қийин бўлган ўзига хос турларида содир этилади ва у ўта мослашувчан жиноятдир. Шунинг учун ҳам бу иллат нафақат юрт келажагига, балки ўша ҳудудда яшаб умргузаронлик қилаётган инсонлар қадр қимматига ҳам таҳдид солади.

Тадбирда тиббиёт, таълим ва бошқа соҳаларда коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш юзасидан мутасаддилар томонидан тавсиялар берилди.

Тўлқин Хидиров,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Миришкор туман Кенгаши раиси.

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+