Тараққиётимиз пойдевори

05.12.2022 12:12:49

Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларни ўзининг Конституциясида мустаҳкамлаб олади.

Зеро, халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакатгина ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб интилади.

Мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг ҳуқуқий манбаси бўлган Бош қомусимиз тамойиллари асосида аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишда, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ривожланишида ва ҳаётимизнинг барча соҳасини либераллаштириш борасида бошланган ишлар изчил давом эттирилмоқда. 

Жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тарақиёт стратегиясида ҳам Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлашга қартилган мақсадлар белгилаб олинди.

Аммо бугун жамиятимиздаги ўзгаришлар, қолаверса бутун дунёда рўй бераётган гиёосиёсий вазиятлар, галдаги мақсадларимизни самарали амалга оширишимиз учун мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтирмоқда. 

Айни кунларда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда. Эътиборлиси, ушбу жараёнда янгиланаётган Конституциямизнинг асосий муаллифи ва ижодкори том маънода Ўзбекистон халқи бўлаётгани кишини қувонтиради.

Хусусан, бу жараёнда барча фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида сенатор ва депуталар томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида учрашув ва мулоқотлар ташкил этилиб, Конституциямизга киритилиши кўзда тутилаётган ўзгартиришлар юзасидан фуқароларимизнинг таклифлари тингланди. Эътиборлиси, концептуал таклиф берган фуқаролар бевосита Конституциявий комиссия бошчилигида фаолият олиб бораётган ишчи гуруҳ йиғилишларига таклиф этилиб, ташаббуслари экспертлар иштирокида қизғин муҳокама қилинди. 

Таъкидлаш жоиз, умумхалқ муҳокамаси даврида фуқаролар томонидан 150 мингдан ортиқ таклиф, фикр ва ташаббуслар келиб тушди. Айни кунларда Конституциявий комиссия ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳасига масъул бўлган қўмиталари юртдошларимиз томонидан билдирилган таклифларни Бош қомусимизда акс эттириш юзасидан бир қатор ишларни амалга оширмоқда. 

Жумладан, ўтган ҳафтада Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида фуқаролар томонидан берилган таклифларнинг Конституциямизга киритилиш жараёнининг дастлабки натижалари таҳлил қилинди. Ушбу ўзгартиришга кўра, фуқаролар томонидан билдирилган таклифлардан келиб чиққан ҳолда Конституциянинг 76 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, 15 та янги модда ва битта янги боб киритилмоқда.

Мажлис давомида халқ вакиллари томонидан ушбу ўзгартиришлар қизғин муҳокама қилиниб, бугун мамлакатимизда “инсон қадрини” юксалтириш амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезони бўлаётганлигидан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, фуқаролар томонидан билдирилган таклифларни эътибордан четда қолдирмасдан кўриб чиқиш кераклиги ҳисобга олиниб, лойиҳани масъул қўмиталар бошчилигида қайта ишлаш зарурлиги ҳақидаги қарор қабул қилинди.

Ўйлайманки, бундай қарорнинг қабул қилиниши, Бош қомусимизнинг чинакам халқ муаллифлигидаги ҳужжат бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+