Тараққиётимизнинг янги босқичи учун қўлланма

27.12.2022 06:12:38

Мен куни кеча Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасини катта эътибор билан тингладим. Ҳақиқатдан ҳам, Мурожаатномада жуда долзарб масалалар илгари сурилганлиги билан аҳамиятли. Айтиш жоизки, бугунги кунда жамиятнинг ҳамма соҳаларида ривожланиш, янгиланиш ислоҳотлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу борада мамлакатимизда узоқ келажакни кўзловчи, ҳар томонлама пухта ўйланган, Ватанимизнинг келгуси истиқболини, халқимизнинг фаровон турмушини таъминлаш борасида ушбу Мурожаатнома катта аҳамиятга эга.

Таъкидлаш ўринлики, якунланаётган йил давомида барча соҳада жиддий ўзгаришлар юз берди. Узоқни кўзлаб бошланган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бера бошлади. Президентимиз алоҳида эътироф этганларидек, ўзбек халқи сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий соҳаларида бир қатор ютуқларга эришди. Буни бизнинг воҳамиз мисолида ҳам кузатиш мумкин. Биргина Қашқадарёда йирик саноат объектлари ишга туширилиш эвазига ҳозир уларда 45 минг нафар фуқаро иш билан банд. Шу йилнинг ўзида ҳудудда 640 миллиард сўмлик 65 та лойиҳа шакллантирилди. Шаҳар ва қишлоқларимизда кўплаб кўпқаватли уй-жойлар барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.

Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорликни кенг ривожлантириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор бериляпти. Ҳар бир фуқарони бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш мақсадида жорий йилда Қашқадарёда 12 минг 500 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, уларнинг сони 74 минг 400 тага етди. Тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш учун жами 2,4 триллион сўм, «Оилавий тадбиркорлик» дастури бўйича 22 минг нафар талабгор тадбиркорга 561 миллиард сўм кредит ажратилди. Президентимиз ҳам Мурожаатномада тадбиркорликни ривожлантириш ва унга тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ кўрсатмалар бердилар.

Шунингдек, Мурожаатномада Давлатимиз Раҳбари ишбилармонликни йўлга қўйиш ҳисобига ишсиз фуқароларни банд қилиш масаласига ҳам тўхталиб ўтдилар. Бу масала бўйича биз ҳам фаол иш олиб боряпмиз. Вилоятимиз партия ташкилотлари томонидан ўтаётган йил давомида маҳаллаларда хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш шохобчаларини ташкил этиш ҳисобига 210 нафардан ортиқ фуқароларнинг бандлигини таъминлашга муваффақ бўлдик.

Мурожаатномада давлатимиз раҳбари бюджет харажатлари аҳоли ва тадбиркорлар олдидаги мажбуриятларимизни қисқартирмаган ҳолда бизнесга солиқ юкини камайтириш ишлар давом эттирилиши белгиланди. Жумладан, 1 январдан қўшимча қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтириш ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида йилига камида 14 триллион сўм маблағ қолиши айтилди. Бу тадбиркорликни бошлаганлар учун катта имкониятлар эшигини очиши табиий.

Қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга, албатта, етамиз. Бу йўлда нияти улуғ, қалби, пок, меҳнаткаш халқимизга таянамиз. Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, Янги Ўзбекистонни албатта барчамиз биргаликда бунёд этамиз. Бунинг учун бутун куч ғайратимизни аямаймиз.

Дилрабо Чориева,

«Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+