Тарғибот қизғин

27.05.2021 15:05:46

Вилоят партия кенгашидаги телефон жиринглади. Ижрочи котиб Акбаржон Мансуров гўшакни кўтарди.

- Лаббай, эшитаман!

- Алло, бу "Адолат" партиясими?

- Ҳа, худди шундай.

- Мен Учқўрғон туманидан, Маҳбуба Холиқоваман, уй бекасиман. Ижтимоий тармоқларда беғараз донорлик акцияси ҳақида ўқиб қолдим. Яхши иш бошлабсизлар, буни кўпчилик қўллаб-қувватлайди.

- Раҳмат, раҳмат.

- Фақат бир саволим бор эди... Мен 1 июнь куни Наманганга бора олмайман, эртага эса вақтим бор. Қон қуйиш марказига борсам, қабул қилишармикан? Шуни аниқлаб берсангиз...

Аввал ҳам шу мазмундаги бир неча савол тушган эди. Марказ билан гаплашилган. У ердаги шифокорлар бажонидил рози бўлишган. Шунинг учун аёлга аниқ жавоб айтилди.

- Бемалол бораверасиз. Марказдагиларнинг хабари бор. Дарров қабул қилишади.

Биз телефонда бўлган ушбу суҳбатни бежиз келтирмадик. Чунки наманганлик "адолат"чилар, беғараз донорлик акцияси ҳақида тарғибот ишларини барвақт бошлаб юбордилар. Энг аввало, 1 июнда ўтадиган тадбир ҳақида чорлов плакат тайёрланди. У вилоят ва туман марказларидаги эълонлар тахталарига жойлаштирилди. Бу билан фаоллар ва кўнгиллилар шуғунлландилар.

Вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Болтабоевнинг таклифи билан қатор ижтимоий тармоқларда ишловчи блогерларга ҳам мурожаат қилинди. Улар акция ҳақидаги эълон матнини бажонидил ўз саҳифаларида жойлаштиришга рози бўлдилар. Натижада ҳамма ҳудудлар аҳолисига янгиликни етказиш имконияти туғилди.

Оқил Дадабоев ана шундай блогерлардан бири. У "Наманган 24" телеграм-каналини бошқаради. Беш мингга яқин обуначи ҳар куни вилоят янгиликларидан хабардор бўлиш имкони эса бу каналдан хабарларни кўчириб олиб, тарқатадиганлар талайгина. Демак, аҳолининг хабардорлик даражаси янада ошади.

- Мен "Адолат" СДП амалга ошираётган партиявий лойиҳаларни яхши биламан, - дейди Оқил Дадабоев. - "Бор меҳримиз сенга, болажон!" акцияси улар ичида алоҳида ажралиб туради. Чунки бу тадбир ёш авлод ҳақида ғамхўрлик руҳи билан суғорилган. Ахир, болалар дардига малҳам бўлиш - энг олийжаноб иш-ку. Шунинг учун эълон матнини ва зарурий талаблар ҳақидаги маълумотни тезда саҳифамизга жойлаштирдик.

Партиядошларимиз ташаббусини шаҳар ва туман ҳокимликларининг ахборот хизматлари ҳам қўллаб-қувватладилар. Уларнинг саҳифаларини ўқийдиганлар сони эса ўттиз мингга яқин. Шунинг учун жойларда 1 июнь куни қон топширадиган донорлар рўйхати жадал шакллантирилмоқда. Бу эса тадбирнинг уюшқоқлик билан ўтишини таъминлайди, деб ўйлаймиз.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон "Адолат" СДП Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+