Тарғибот тадбирида меҳрибонлик уйидагиларга саховат кўрсатилди

21.09.2021 18:09:24

 

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши томонидан пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган “Дўстлик” боғида жорий йилги Президентлик сайловлари олдидан “Келажагим учун овоз бераман” мавзусида оммавий тарғибот тадбири ташкил этилди. Унда партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши аъзолари, туманлар кенгашлари фаоллари, депутатлар, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, ёшлар фаол қатнашишди.

Тадбирни сиёсий партия вакиллари кириш сўзи билан очиб, барчани сиёсий жараёнларда фаол қатнашишга ундади. Сўнг “Адолат” социал-демократик партиясининг рамзий мадҳияси янгради.

Тадбирга йиғилган иштирокчилар ичида партиянинг сайловолди дастурига қизиқиш юқори эканлиги, чунки унда халқ манфаатлари биринчи ўринда акс этганлиги эътироф этилди.

Хусусан, номзоднинг сайловолди дастуридан ўрин олган энг аҳамиятли жиҳатларга эътибор қаратилди. Унда биринчи навбатда журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий мақомини халқаро андозалар даражасига кўтариш, табиий газ, электр энергиясини аввало халққа берилишини таъминлаш, эҳтиёждан ортсагина четга сотилишига рухсат бериш, коррупциянинг барча кўринишлари учун қаттиқ жазо белгилаб, бошқарувда “Тоза қўллар” сиёсатини олиб бориш, адолатсиз жарималарни қайта кўриб чиқиш, ёш болалар мактабгача таълим муассасаларига ҳозиргидек уч ёшидан эмас, икки ёшидан бошлаб, ҳеч қандай навбатларсиз юз фоиз қамраб олиниши, рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлаш каби устувор мақсадлар ўрин олганлиги қайд этилди.

Мазкур тадбирда пойтахтимиздаги 103- ва 52-меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болажонлар учун махсус хайрия концерти ҳам намойиш этилди. Уларнинг ўксик қалбларига қувонч бағишлаш мақсадида партия томонидан байрам дастурхони ташкил этилиб, эсдалик совғалари улашилди.

Тарғибот тадбири давомида иштирокчиларнинг сиёсий билимларини ошириш учун мамлакатимиз сиёсий ҳаётига оид турли викторина савол-жавоблари ўтказилди. 

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+