Тарихан давлатчилик йўлини маҳкам тутган халқларимиз нобоп мақсадга эргашмайди

26.07.2022 12:07:25

Инсон ҳамиша фаровонликнинг юксак даражасига интилиб келган ёки фуқароларига юксак даражада имкониятларни яратаётган жамиятлардан андоза олишга уриниб яшайди.

Эътиборли жиҳати, инсон қадри учун ҳаракатга тушган ҳар қандай мақсаднинг ортида албатта катта машаққат ва чуқур ўйланган режалар бўлади. Ўзбекистоннинг бугунини кузатар эканмиз, аввалги йиллардан фарқли янги бир йўл очилганига гувоҳ бўлишимиз мумкин, яъни биз дунёнинг кўплаб давлатлари тажрибасини ўрганиш жараёнида уларни мисол қилишга ўрганиб қолган эдик. Бугун эса дунё биздан ўргансин, тамойилига пойдевор қўйилмоқда.

Бунга эса арзирли асосларимиз ҳам юзага чиқа бошлади. Хусусан, инсон ҳуқуқлари борасида, сўз эркинлигини таъминлаш йўлида эришилган ютуқларнинг ўзи чин маънода мисол бўла олади. Шу ўринда қувонарли томони, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳар бир ҳаракат ҳукумат даражасида ўрганилмоқда ва ҳимояланмоқда. Бир сўз билан айтганда, давлат органлари халқ хизматига шайланди.

Кези келганда айтиш лозимки, тараққиёт йўлини танлаган ҳар бир жамиятнинг олдига чиқадиган қарама-қарши кучлар бўлади. Улар ҳукуматнинг йўли халққа манзур келишидан чўчий бошласа, ҳар турли мақсадларни амалга ошира бошлайди. Бу халқ фикрини ҳийла билан ўзгартириш, олға босаётган қадамларини тўсиш йўлида ҳаттоки аёвсиз усулларга қўл уришга айтилади. Хусусан, Қорақалпоғистонда уюштирилган тартибсизликлар мана шундай ғаразли мақсадларнинг бир кўриниши бўлди. Ўз салбий ғояларини тинч аҳоли кайфияти сифатида кўрсатишга уринган кучлар ўз ортидан халқ эргашади, деган тахмин билан хомхаёлга берилишди ва бу йўллари боши берк эканини, ўзбек ва қорақалпоқ халқининг тинчлик йўлидаги қарашлари жипслашиб кетганини инобатга олмади.

Азалдан адолатни фаровон жамиятда тиклаш мумкинлигига амин бўлган юртимиздаги барча халқлар ким қандай исташидан қатъи назар, мулоҳаза билан яшаш йўлига ўтган. Зиддият ва ҳийла билан амалга оширилган ҳеч бир иш ортидан фаровонликни ваъда қилиб бўлмайди. Тарихан давлатчилик йўлини маҳкам тутган халқларимиз нобоп мақсадга эргашмайди. Чунки оламда, хусусан, ўз тупроғида фисқу-фасод қилиш иймонли инсоннинг тамойилига тўғри келмаслигини билган халқнинг эртанги кунига ҳеч бир куч дахл қила олмайди.

«Адолат»СДП Тошкент шаҳар

Кенгаши раис ўринбосари А.Таштемиров

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+