Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилади

29.05.2024 10:05:43

Мамлакатимизда бугун кунда аҳолининг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилиб, ижтимоий хизмат турлари ва кўлами кенгайтириб келинмоқда. 2023 йил 1 июнда давлатимиз раҳбарининг «Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Ўтган даврда Агентлик томонидан ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлиги ва манзиллилиги жойларга чиқиб ўрганилди. Бу жараёнда тизимни маҳалла даражасида адолатли ташкил этиш, тўғри молиялаштириш, оғир аҳволга тушиб қолган одамларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашиш, айниқса тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларнинг ижтимоий ҳимояси ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва салбий иллатларнинг томири оилада шаклланади. Оила шахсни ижтимоий ҳаётга тайёрлаш, маънавий ва ахлоқий тарбиялаш, шахслар билан бўладиган ижтимоий муносабатлар жараёнида ўзини тутиш каби инсоний хусусиятларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шахсларни зўравонликдан жабрланишини олдини олиш ва уларга ижтимоий, ҳуқуқий, руҳий, тиббий ёрдам кўрсатишнинг тартиби, ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ва унинг самарали профилактикаси зарур профилактик чора-тадбирларни амалга оширишга хизмат қилади.
Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида жорий йилнинг 10 май куни Президент томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қарор муҳим дастуруламал ҳужжат бўлиб хизмат қилади. Ҳужжатга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга «оила — маҳалла — туман ва ҳудуд» тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилади. 1 июндан бошлаб тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилади. Шу билан биргаликда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисми ишонч телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида рўйхатга олинишининг белгилаб қўйилиши жабрланганлар ижтимоий ҳимояси, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ўз ифодасини топишига хизмат қилиши, шубҳасиздир.
Мазкур қарор билан тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари марказий туман ва шаҳар шифохоналарининг шошилинч қабул бўлимларига жойлаштирилади, расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ва жабрланган шахсларга доир маълумотлар «Инсон» марказларига «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали юборилиши мустаҳкамлаб қўйилди. Бундан ташқари тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганлар учун шошилинч қабул бўлимларида 1 июндан Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларида, 1 октябрдан эса республиканинг қолган барча ҳудудларида туну кун ишлайдиган бирламчи кўмак хоналарининг ташкил этилиши жабрланганларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, қарорда тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахслар билан ишлаш йўналишида ҳам алоҳида вазифалар белгилаб берилиб, зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш ишларига мажбурий равишда Миллий гвардиянинг инспектор-психологлари ҳам жалб қилинади,
1 октябрдан ҳимоя ордери берилган ҳар бир ҳолатда тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастури «Инсон» марказлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади. «Инсон» марказларига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатилишини таъминлашда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш учун ички ишлар органига мурожаат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ҳудудий марказларда бўлиш вақтида ишлаб чиқилган якка тартибдаги ижтимоий реабилитация дастурининг ижросини мониторинг қилиш ҳамда зарур ҳолларда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлса, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича туман ва шаҳар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларига талабнома киритиш каби қатор қўшимча ҳуқуқлар берилиб, уларнинг бу борадаги ваколатлари оширилишига эришилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар замирида албатта, биринчи навбатда инсон манфаатлари мужассам бўлиб, аҳолининг ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Жасурбек ҚАРШИЕВ,
«Адолат» СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+