Тиббий ёрдамда сусткашликка йўл қўйиб бўлмайди

13.04.2021 15:04:59

Ижтимоий тармоқларда “Сурхондарёда болалар ерда туғилмоқдами?” сарлавҳаси остида тарқалган хабарлардан сўнг “Адолат” СДПнинг Денов туман Кенгаши депутатлари томонидан Сурхондарё вилояти, Денов тумани 2-сон вилоят перинатал марказидаги ҳақиқий ҳолат ҳолатни кўздан кечириш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш жараёнида депутатлар марказ раҳбарияти билан ижтимоий тармоқдаги ҳолат юзасидан суҳбатлашди.

Аниқланишича, Сурхондарё вилояти Денов туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ мажмуаси биноси  жорий йилнинг 1 апрелидан 19 апрелига қадар косметик таъмирланаётганлиги боис вақтинча иш фаолиятини тўхтатиб турганлиги муносабати билан туғуруқ комплекси иш вазифаси 2-сон вилоят перинатал маркази туман филиалига юкланганлиги маълум бўлди.

Мазкур марказ туман филиали туғуруқ бўлими 60 ўринга мўлжалланган бўлиб, иш ҳажмининг ортиши муносабати билан қўшимча 20 ўрин туғруқдан кейинги ўринлар яратилган. Бир кунда туғуруқлар сони ўртача 40-50 нафарни ташкил қилган.

Ёш оналар учинчи суткадаёқ уйларига жавоб берилаётганлигига қарамай, 10 апрель куни туғуруққа келган аёллар сони 51 нафарни ташкил қилганлиги боис туққан аёлларни жойлаштириш муаммоси юзага келган. Ҳозирги вақтда ушбу муаммо бартараф қилинган бўлиб, яна кунига 10 та заҳира ўрин ташкил этилганлиги таъкидланди.

Ишчи гуруҳ томонидан хоналарнинг ҳақиқий ҳолати ўрганилди ва айни пайтда фарзандли бўлган аёллар билан суҳбатлар олиб борилди. Ўрганиш жараёнида бугунги кун ҳолатида тумандаги 2-сон вилоят перинатал марказида жой масаласидаги муаммо ечимини топганлиги ва заҳира жойлари етарли эканлиги аниқланди. 

Вилоятдаги туғуруқ бўлимларида муаммолар юзага келмаслиги учун шарт-шароитлар мавжуд. Шундай бўлсада, аввалдан бошқа туғуруқ бўлими фаолияти юкланганлиги хусусида огоҳлантириш бўлганлигига қарамасдан, марказ ходимлари ўша жараёнда бепарволикка йўл қўйишганлигига депутатлар томонидан эътирозлар билдирилди. Аниқланишича, мазкур туғуруқ бўлими ҳам замонавий шарт-шароитга эга. Шундай экан, ҳар бир туғуруқхонада қийин аҳволдаги бўлажак оналарга етарли даражада ёрдам кўрсатиб, дарҳол кроват ва бошқа шарт-шароитлар яратиб беришда шифокорлар ва марказ раҳбарияти томонидан сусткашликка йўл қўйилмаслиги лозим.

 

 

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+