Тиббиёт ходимларини улуғлаш-халқ қадрини улуғлашдир

20.05.2022 10:05:11

Саломатлик энг улуғ неъмат. Хасталик тўшагида ётган одам эса ҳар ердан нажот излаб қолади. Ана шу пайтда унга ёрдам қўлини чўзиш энг катта яхшилик, энг улкан савоблардан саналади.

Президентимизнинг 2022 йил 17 майдаги “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони билан ана шундай хаста кўнгилларга нажот бўлаётган саломатлик посбонларини, халқимиз дардига дармон бўлаётган, жонига малҳам бўлиб энг улкан савоб ишларни бажараётган тиббиёт ходимларининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши бизга олам-олам қувонч бағишлади.

Ушбу ҳужжат билан тиббиёт ходимларининг фаолияти самарадорлигини оширилиши, юқори самарали меҳнатга интилиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиши учун янада кенгроқ имкониятлар яратилади.

Фармонда давлат тиббиёт муассасалари ходимларининг ўз касбий даражасини ошириб боришдан манфаатдорлигини таъминлаш, шунингдек, 2022 йил 18 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсад қилинган. Шунга асосан, жорий йил 1 июндан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик лавозим маошлари олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 15 фоизга, иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун  10 фоизга, тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун  15 фоизга оширилиши белгиланди.

Бунда, тиббиёт муассасаси ходимларининг тариф ставкаларини ҳисоблаш амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициентларини тегишинча 1,15 ва 1,1 баробарга кўпайтириш орқали амалга оширилади.

Шунингдек, жорий йил 1 июндан бошлаб Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси ҳам шакллантирилиб, жамғарма маблағларининг 75 фоизи гуруҳидан қатъий назар барча давлат тиббиёт муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришга, 25 фоизи – тиббиёт муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, модернизация қилиш ҳамда таъмирлашга йўналтирилиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари ходимларни моддий рағбатлантиришга ажратилган маблағлар ҳисобидан давлат тиббиёт муассасасининг юқори малакали, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларига ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача ҳамда бошқа ходимларга 75 фоизигача ойлик устамалар, янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устамалар, оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационар иш вақтини соат 20:00 гача узайтириш ҳисобига иккинчи сменада ишловчи шифокор ҳамда ҳамшираларга лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик қўшимча устамалар тўлаб берилиши кўзда тутилган..

Бир сўз билан айтганда, фармонда кўзда тутилган бу ғамхўрликлар замирида тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш билан бирга, халқ саломатлигини ўйлаш, инсон қадри деган улуғ тушунчалар мужассам десак, сира муболаға қилмаган бўламиз. Зотан, шифокорларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши бу – юртимизнинг гуллаб яшнашига,  Янги Ўзбекистон келажагини яратишга, муносиб  баркамоллик даражасини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. 

Гулчеҳра Турдиева,

Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+