Тиббиёт соҳасида муҳим таклифлар билдирилди

25.01.2024 16:01:45

   Бугунги кунда юртимизда ҳар бир соҳада каттадан-катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу янгиланишлар эса ўз навбатида тараққиётимиз суръатларини тезлаштириб, натижадорликни орттириб бормоқда. Асосийси, бу каби кенг кўламли ислоҳотлар ягона мақсадга, яъни давлатимиз юксалиши ҳамда фуқароларимиз фаровонлигини оширишга қаратилган.
   Жойларда аҳоли билан бўлиб ўтаётган мулоқотлар жараёнида халқимиз сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизими, хусусан, тиббий хизматлар сифати сезиларли даражада яхшиланаётганини, уларнинг кўлами кенгайиб, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳолининг сифатли тиббий хизматлардан фойдалана олиш имкониятлари ортиб бораётганини эътироф этмоқда.
   Давлатимиз раҳбари - Шавкат Мирзиёев томонидан 22 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича бўлиб ўтган йиғилишда ҳам айнан шу масаладаги таклифлар кўриб чиқилди.
   “Ўзбекистон – 2030» стратегиясида аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббиёт сифатини ошириш бўйича кўплаб вазифалар белгиланган. Бу ислоҳотларни жадаллаштириш ва ҳаётга самарали татбиқ этиш мақсадида халқаро экспертлар иштирокида таклифлар ишлаб чиқилди.
   Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасида давлат муассасаси шаклида “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офисини ташкил қилиш таклиф қилинди. У давлат тиббий суғуртаси тизимини ҳамда давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетини тўлиқ жорий этиш, тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлиги устидан назорат тизимини кучайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, тиббий таълим тизими ва илм-фан соҳасини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш каби йўналишларга масъул этиб белгиланади. Шунингдек, бу марказ рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини жадаллаштириш, хусусий секторни кенгайтириш, давлат харидлари шаффофлигини ошириш, фармацевтика соҳасини ислоҳ қилишга кўмаклашиши таклиф этилди.
   Ҳақиқатдан ҳам, юқорида эътироф этилган таклифлар юртимизда аҳоли саломатлигини сақлашга, тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Шоира АКБАРОВА,
Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+