Тиббиётда бирламчи бўғинга эътибор-соғлом келажак учун асосдир

29.04.2022 14:04:32

Мамлакатимиз тиббиёти ҳақида гап кетганда кўплаб ўзгаришлар, муваффақиятлар ва давлатимиз раҳбарияти томонидан бир қатор ислоҳотлар олиб борилаётганлигини эътироф этиш зарурдир. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан олиб борилаётган устувор ислоҳотлар бугунги кунда тизимда жуда катта ўзгаришлар, янгиланишларни юзага келтираётганлиги, таҳсинга сазовордир. Бугунги кунда қишлоқ шифокорларининг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиши учун Дастурга асосан бирламчи тиббий-санитария ёрдами аҳолига яқинлаштирилиши белгиланмоқда.

 Шунга асосан 2023 йил 1 январдан бошлаб жойлардаги оилавий поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади. Оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиника ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кундузги стационар иш вақти соат 20:00 га қадар узайтирилади ҳамда уларда ишловчи тиббиёт ходимлари учун 2022 йил 1 июндан бошлаб қўшимча устама ҳақи белгиланиши кўзда тутилган.

2022 йил 1 майдан бошлаб бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан олис масофада жойлашган маҳаллаларда маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилади.

Аҳолининг профилактик тиббий кўриклари, скрининг дастурлар ва патронаж хизмати фақат ССВ томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ ва белгиланган муддатларда амалга оширилади, бошқа ташкилотларнинг ушбу жараёнга аралашувига йўл қўйилмайди.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишга рухсат берилади.

“Қишлоқ шифокори” дастури такомиллаштирилиб, олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади ҳамда уларга ипотека асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача қисми, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баробаридан ошмаган миқдорда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланди.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан  кадрлар масаласига катта эътибор қаратиляпти. Президентимиз томонидан бугунги кунда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда олий ўқув юртини битирган ёш шифокорларнинг қишлоқларга келиб ишлаши учун шартномалар тузиш, уларни жалб қилиш учун қишлоқларда барча шароитларни яратиш талаби қўйилди ва шу асосда Дастур ишлаб чиқилди.

Дастурга мувофиқ олис ҳудудлардаги бирламчи бўғинга ишга кирган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик маблағ билан рағбатлантириш, хизмат уйлари ажратиш  жорий этилиши белгиланди. Шифокорларга бўлган эҳтиёжларни маҳаллалар кесимида аниқлаб, тиббиёт олий ўқув юртларида квотани ошириш, ипотека асосида қурилаётган уй-жойларни, аввало бирламчи бўғин шифокорлари учун ажратиш бўйича режалар амалга ошириш белгиланди.

Албатта, қишлоқ шифокорларига берилган бу имтиёз уларни ўз устида тинимсиз ишлашига, касбига садоқат билан ёндашиб, ҳалол иш олиб боришга ундайди. Олис қишлоқларда ўтган йиллар давомида 1000 дан ортиқ оилавий поликлиника очилди. Соҳа бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилди.

Ҳа, кўплаб ишлар амалга ошириляпти. Аммо бу мамлакат олдида турган юксак мақсадлар учун етарли эмас. Ташхис ва даволашда малакали тиббий хизматлар, технологиялар энг чекка қишлоқларга ҳам етиб бориши керак. Бу жараён эса аниқ ечимни, самарали механизмни талаб қилади.

Бундан буён илғор хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорга айлантириш чоралари белгиланиб, уларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилади. Бу бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида “тиббий харита”лар шакллантириб, манзилли иш олиб боради.

Давлатимиз раҳбарининг айнан тиббиёт соҳасининг бирламчи бўғинига эътибор қаратаётгани замирида жуда катта моҳият мужассам. Биринчидан, мамлакатимиз аҳолисининг кўп қисми қишлоқларда истиқомат қилаётган бўлса, иккинчидан бемор марказлардаги машҳур клиникаларга боришдан олдин қишлоқ врачлик пункти шифокорига учрашади. Беморга биринчи ташхис нотўғри қўйилса, у то касаллигини аниқлагунга қадар касаллик иккинчи ва учинчи босқичга ўтиб кетади. Бу аксарият ҳолларда фожиа билан тугаши мумкин. Шунинг учун ҳам биринчи бўғиндаги тиббиёт муассасаларни малакали, ўз соҳасини пухта биладиган, замонавий тиббиётни тушунадиган ва ҳалол кадрлар билан бойитиш эҳтиёжи пайдо бўлмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар тиббиётимизда юз берадиган инқилобий ўзгаришларга мустаҳкам пойдевор яратишда асос бўлади.

Зеро, тиббиёт соҳасини юксак даражага кўтариш бу мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз равнақи йўлидаги энг муҳим вазифадир.

 

Рустам Ҳамраев,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+