Тил миллатнинг кўзгуси

18.10.2022 09:10:42

Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига ҳам 33 йил тўлди. Тил ҳар бир миллатнинг кўзгуси, мукаммал алоқа воситаси, унинг ҳақиқий сарчашмасидир. Дарҳақиқат, тил бор экан, миллат барҳаётдир. Тилни онага қиёсланиши замирида ҳам олам-олам маъно мужассам. Инсон ўз онасини ҳар дақиқа, ҳар сонияда кўрмасдан, унинг соф муҳаббатини, меҳрини туймасдан яшай олиши мумкин эмас. Бу фикримизнинг исботи сифатида муҳтарам Президентимиз томонидан айтилган қуйидаги сўзларни келтириш кифоядир: «Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин».

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг янги Конституциясида ҳам ўзбек тили мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.

Ўзбек тили ҳақидаги қонун қабул қилинганидан сўнг барча давлат ҳужжатлари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқитиш ўзбек тилида юритила бошланди, газета ва журналларнинг ўзбек тилида чоп этилиши йўлга қўйилди. Ижтимоий тармоқлардаги барча хабарлар ўзбек тили ҳақидаги қонунга асосан ёритила бошланди.

Дарвоқе, статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак ер юзида 5600 дан ортиқ тиллар мавжуд бўлиб, бундан 200 тасигина давлат тили сифатида қабул қилинган. Уларнинг орасида ўзбек тилининг ҳам борлиги унинг нақадар соф, жозибадор, мукаммал, пурмаънолигининг ёрқин далилидир.

Лекин, шу ўринда ҳақли савол туғилиш табиий: наҳотки ўзбек тили бирор бир жойга ном қўйиш учун ҳам яроқли бўлмаса?! Aфсус, барчамизга маълумки, шаҳримиз кўчаларидаги дўконлар, супермаркетлар, турли хил устахона шохобчалари, емакхоналар, гўзаллик салонлари, турли хил осмонўпар бинолар, боғчаларга қўйилган номлар ўзбек тилида эмас балки, бошқа хориж тилларида ёзилганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Мен Қарши шаҳридаги кўчаларни айланиб, дўконлар маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари пешлавҳалари ёзувларини кўриб ажабландим. Негаки, улар пешлавҳалари ўзимизнинг соф ўзбек тилида эмас, балки хорижий тилларда ёзилган. Нақадар ачинарли ҳолат бўлишига қарамай, биз бунга одатий ҳол сифатида кўникиб яшаб келмоқдамиз! Aхир биз жонажон Ўзбекистонда яшаяпмизку, нима учун унда жой номларини ўзбек тилида номлай олмаймиз? Бунинг учун ким айбдор: давлат органларими ёки ўзбек миллатими?

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда осмонўпар кўп қаватли бинолар қурилаётган бўлишига қарамасдан, уларнинг номи ҳали-ҳамон рус, инглиз тилида эканлиги ҳақида билдирилган турли хил фикрларга дуч келишимиз мумкин. Бор ҳақиқат. Мисол учун Қарши шаҳрининг Ўзбекистон кўчаси бўйлаб юрар экансиз кўпгина бинолар пештоқига ўзбек тилида эмас, рус ёки инглиз тилидаги ёзувларга кўзингиз тушади.

Хулоса қиладиган бўлсак, шу кеча кундузда ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига алоҳида эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни бугунги ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозимлигини бутун вужудимиз, ақл идрокимиз билан ҳис этишимиз лозим. Бундай олийжаноб ватанпарвар ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз биланоқ ўзбек тилини ҳар томонлама ривожлантиришга бевосита улкан ҳисса қўшган бўламиз.

Зеро, ўзбек халқининг буюк маърифатпарвар зиёлиси Aбдулла Aвлоний ёзганидек: «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тили ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур».

Шунинг учун ҳам ҳурматли ватандошлар, тилимизга ҳамиша ва ҳар доим эътиборли бўлайлик.

Сарвиноз Каримова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+